Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирларини қутлади

Ўзбекистон Президенти ўз қутловида "жорий йилда давлатларимиз Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди, ишбилармон доиралар ўртасида алоқалар жадаллашмоқда", деб мамнуният билан таъкидлаган. 

"Ишончим комилки, сиёсий иродамиз ва умумий интилишларимиз билан кўп қиррали ва узоқ муддатли шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга ва давлатларимиз салоҳиятига мос даражага олиб чиқамиз", деб қайд қилинган давлатимиз раҳбарининг қутловида. 

Президент Ҳасан Руҳоний қутловида "ўтган вақт давомида мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш йўлида салмоқли қадамлар ташланди", деб таъкидланган. 

Эрон Президенти "ўзаро муносабатлар гуллаб-яшнаши, икки мамлакат учун муҳим устувор йўналишларда ўзаро алоқаларнинг ҳар томонлама ривожланаётгани самарали ва узоқ муддатли натижалар бериши, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорлик янада мустаҳкамланиши"га ишонч билдирган.