Ўзбекистонда мукофот пули 25 минг доллар бўлган кураш мусобақаси бўлиб ўтади

Спорт 17 Май 2017 5589

Жорий йилнинг 26-29 май кунлари Термиз шаҳрида ХIII бора Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат Термизий хотирасига бағишланган халқаро турнири бўлиб ўтади.

Ҳар бир мамлакат, ҳар бир миллатнинг ўзига хос миллий спорт ўйинлари бор. Бугун оммавий ҳисобланган кўплаб спорт турларининг қадимий илдизлари ҳам турли халқ урф-одатлари, анъаналарига бориб тақалади. Халқимизнинг миллий қадриятларидан бўлган – Кураш ҳам уч ярим минг йиллик тарихга эга ва бугун жаҳон узра жадал ривожланаётган замонавий халқаро спорт туридир.

Истиқлол йилларида Муҳтарам биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кўплаб спорт турлари қатори Кураш ҳам кенг оммалашиб, изчил ривожланмоқда. Бир пайтлар тўй, байрам ва сайилларнинг тор доирасидан чиқолмаган курашимиз истиқлол шарофати билан дунё спортига айланди. Ер куррасининг барча қитъаларига кенг ёйилиб, оммалашмоқда.

2006 йилдан Осиё Олимпия Кенгаши томонидан Осиё спорти дея эътироф этилиб, Осиё ўйинларининг Ёпиқ иншоатлар ва яккакурашлар, Соҳил ҳамда Ёзги Осиё ўйинлари таркибидан расман ўрин олди.

Бугун Курашимиз кириб борган дунёнинг 130 га яқин давлатларида “таъзим”, “тўхта”, “ёнбош”, “чала”, “дакки”, “ҳалол” каби ўзбекча атама ва сўзларнинг жаранглаётгани ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Жорий йил 26–29 май кунлари Кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир ўз ғолибларини аниқлайди.

Мазкур нуфузли турнир 1993 йилдан бери мунтаззам ҳар икки йилда бир ўтказилиб келинади. Ўтган давр мобайнида дунёнинг 100 га яқин  давлатидан 700 нафардан зиёд полвонлари Термиз гиламларида куч синашди.

Анъанавий тарзда ўткаазилаётган навбатдаги турнир 73 кг, 90кг ва мутлоқ вазн тоифаларида бўлиб ўтади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 56 минг АҚШ доллари бўлиб мутлоқ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини 25 000 АҚШ доллари соҳибига айланади.

Мутлоқ вазнда 2– ўрин соҳиби 10 000 АҚШ доллари, 3 ўрин эгалари (2 киши) 5000 АҚШ доллари билан тақдирланади. 73, 90кг ғолиб ва совриндорларига ҳам йирик пул мукофотлари таъсис этилган.

Турнирда 40 та давлатдан 150 нафарга яқин спортчилар ва меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра ҳар икки йилликнинг энг йирик мусобақасини энг юқори савияда ўтказиш учун барча ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

IKA матбуот хизмати

www.at-termiziy.uz

Кўпроқ янгиликлар