Ўзбекистонда жорий йил охиригача "мобил қуллик" деб аталувчи ҳолат бекор қилиниши мумкин, деб хабар берди "Ўзбектелеком" АК бош директори Шуҳрат Қодиров пресс-клуб йиғилишида.

"Мобил қуллик"нинг бекор қилиниши Ўзбекистоннинг исталган уяли алоқа компанияси абоненти ўзининг телефон рақамини сақлаб қолган ҳолда компанияни ўзгартириш жараёни жорий қилинишини назарда тутади. 

Қодировнинг айтишича, охирги 3-4 ой давомида бу мавзунинг "Ўзбектелеком" ва асосий мобил компаниялар даражасида муҳокама қилиниши фаоллашган.

"Биз охирги 3-4 ой ичида регулятор даражасида ишламоқдамиз, бу жараённинг қонунлари, техник имкониятларини ўрганмоқдамиз. Бугунги кунда мобил операторларнинг раҳбарлари ва вакиллари билан тез-тез учрашувлар бўлиб турибди, бу масала охирги вақт жуда фаоллашган ва биз бу устида жиддий ишламоқдамиз. Ярим йилдан бир йилгача вақт ичида бу масала амалга ошиши мумкин", деб таъкидлаб ўтди  Қодиров.

Афсуски, Қодиров бу хизмат пуллик ёки бепул бўлиши ва агар пуллик бўлса, қанча туриши ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаган. Бироқ Қодировнинг айтишича, "мобил қуллик"ни бекор қилиш бўйича маълумотлар тез орада тақдим этилади. 

Жорий йилда Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари сони 21,4 млн дан ошди. Мамлакатнинг ҳудудларини мобил алоқа билан кенг қамраб олиш учун 2017 йил апрелигача 18,3 минг мобил алоқа станцияси ўрнатилди. Йил давомида бу кўрсаткич 20 мингдан оширилади.