БМТнинг “электрон ҳукумат” ривожланиши бўйича жаҳон мамлакатлари рейтингида телекоммуникация инфратузилмаси ва унинг таркибига муҳим меъёр сифатида қаралади. Жумладан, ҳар 100 кишига интернет улуши, телефон алоқаси улуши, ҳар 100 кишига тўғри келадиган мобил абонентлар сони, кенг полосали симли ва симсиз интернет фойдаланувчилари сони муҳим кўрсаткичлар ҳисобланади. 

Гарчи, сўнгги вақтларда, Ўзбекистон ҳудудларида 20 минг километрдан зиёд оптик толали алоқа линияси ётқизилган бўлса ҳам, афсуски, бугунги кунда кенг полосали симли интернетга уланиш кўрсаткичи мамлакатимизда ҳар 100 нафар фойдаланувчига 1.33 кишини ташкил қилмоқда. Бу эса рейтингда Ўзбекистоннинг ўрнига жиддий таъсир этган. 

Кенг полосали интернетни жорий қилиш оптик толали алоқа кабелларига бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Хусусан, ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилга қадар Ўзбекистонда оптик толали алоқа кабелларига бўлган эҳтиёж 277 минг километрни ташкил қилади. Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан республикада оптик толали алоқа кабели ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолиятини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилган ва давлат раҳбарияти томонидан ижобий қаршиланган. 

“Ўзбектелеком” АЖ бош директори Шуҳрат Қодировнинг Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида маълум қилишича, бугунги кунда ушбу масалани ҳал этиш учун Тошкентнинг Чилонзор туманидаги собиқ “Реле-автоматика” заводи биносида янги ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади. Унда йилига 50 минг км илғор алоқа кабели ишлаб чиқарилади. Импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқарилиши билан 150 млн доллар миқдоридаги маблағ тежалади.