Женевада Sotheby's кимошди савдо уйининг аукционида бриллиант сирғалар 57 миллион долларга сотилди, деб хабар бермоқда Europe 1 радиостанцияси.

Таъкидланишича, сирғалар томчи шаклида қилинган бўлиб, улардан бири мовий, иккинчиси эса пушти рангдаги бриллиантдан ясалган. Сирғалар иккита алоҳида лот сифатида қўйилди, аввал бу бриллиантлар бир узукнинг қисми бўлган. Сирғаларни осиёлик шахси айтилмаган харидор сотиб олди.

Радиостанция маълумотларига кўра, "Apollo Blue" номли мовий бриллиантдан қилинган сирға 42 миллион доллардан кўпроқ пулга сотилган. Бу бриллиантнинг оғирлиги 14,5 карат келади. Таъкидланишича, бу қачонлардир аукционда тақдим этилган ўз туркумидаги энг йирик бриллиантдир.

"Artémis Pink" пушти ранг бриллиантдан тайёрланган сирға эса 15,4 миллион долларга сотилди. Бу бриллантнинг оғирлиги 16 каратга тенг.