АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлаганлик учун санкциялар жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. The Hill хабарига кўра, агар бу қонун лойиҳаси Сенат томонидан тасдиқланса, АҚШ Сурия президенти Башар Асаднинг иттифоқчиларига санкциялар қўллайди.

«Асаднинг инсониятга қарши жиноятлари жавобсиз қолмаслиги керак. Бу янги санкциялар ёрдамида биз Суриядаги тузум ва унинг иттифоқчилари бўлмиш Эрон ҳамда Россия муносабатларида гайкаларни бўшаштиришда давом этамиз», деган спикер Пол Райан.

Янги чекловлар қўлланишига Сурияда президент Башар Асад бошчилигидаги расмийлар томонидан инсон ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар асос сифатида кўрсатиб ўтилган. Лойиҳа матнида бунга бевосита жавобгар 47 нафар шахс санаб ўтилган. 

Бу чекловлар Сурия ҳукумати билан молиявий муносабатларга киришган хорижлик тадбиркорлар ҳамда компанияларга ҳам тааллуқли бўлади. Бундай шахсларга Америка визаси берилмайди, уларнинг АҚШ ҳудудидаги исталган мулки хатланади.

Айни вақтда қонун лойиҳаси Сенатга юборилган, Сенат тасдиқласа, президентга имзолаш учун йўлланади. 

АҚШ президенти уни имзоланганидан сўнг 30 кун мобайнида Сурия ҳукуматига оммавий қирғин қуроллари, ракета технологиялари ва бошқа ҳарбий ёрдам олишда кўмак кўрсатаётган шахс ва ташкилотларга қарши санкциялар жорий этиши мумкин.

Шунга ўхшаш қонун лойиҳаси Барак Обама вақтида ҳам кўриб чиқилган, аммо етарли овоз олмасдан, Сенатгача етиб бормаганди.