Боку—2017. Таэквондочилардан 4та медаль

Спорт 18 Май 2017 4749
Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

17 май куни Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 4 вакили ўз имкониятларини синовдан ўтказди ва тўртталаси ҳам медалга эга бўлди. Аёллар жамоаси делегация ҳисобига 2та бронза медаль келтирган бўлса, эркаклар жамоаси битта кумуш ва битта бронза медаль олди.

- 67 кг вазн тоифасидаги Нигора Турсунқулова биринчи баҳсда покистонлик Асия Батулни енгди (43:1), аммо финал учун баҳсда озарбойжонлик Фарида Азизовага 0:3 ҳисобида ютқазди ва бронза билан кифояланадиган бўлди.

Фото: МОҚ/Нодирхўжа Юлдашев

+73 кг вазн тоифасида даянга чиққан Светлана Осипова ярим финал баҳсида эронлик Акрам Худобандаҳга 4:7 ҳисобида имкониятни бой бериб, бронза медали билан кифояланадиган бўлди. У биринчи баҳсда тожикистонлик Моҳру Ҳалимова устидан 11:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.

-80 кг вазн тоифасида даянга чиққан Максим Рафалович бронза медалини қўлга киритди. У тўғридан-тўғри чорак финалда қатнашиб, биринчи баҳсда қатарлик Али Аларминийни 14:5 ҳисобида енгганди, ярим финал баҳсида туркиялик спортчи Юнус Сарига 5:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

+87 кг вазн тоифасида даянга чиқадиган Дмитрий Шокин баҳсларга чорак финалдан қўшилди, у марокашлик Зуҳаир Бараззукка қарши жанг қилиб, 24:4 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. У ярим финалда эронлик Ҳўсайн Қурбонзодани 21:9 ҳисобида енгди. Финалда у озарбойжонлик машҳур таэквондочи Радик Исаев билан тўқнашди. Асосий вақтда кучлар тенг келди - 8:8. Қўшимча вақтда эса мезбонлар вакили аниқ ҳаракат қилиб, олтинга эга чиқди, Шокин бу сафар кумуш билан кифояланди.

16 май куни -58 кг вазн тоифасидаги таэквондочи Ниёз Пўлатов барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медал билан тақдирланган эди.

17 май кунги баҳслар якунига кўра Ўзбекистон делегацияси 11та медаль олди (1та олтин, 3та кумуш ва 7та бронза).

Эндиликда Ўзбекистон жамоаси турнир жадвалида жами 43та медаль (8та олтин, 12та кумуш ва 23та бронза) билан тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Жами 57та мамлакат иштирок этаётган турнирда камида битта медаль олган терма жамоалар сони 29та.

Кўпроқ янгиликлар