Бокуда «Ислом бирдамлик ўйинлари»нинг 18 май кунги мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Бугунги беллашувда Ўзбекистон терма жамоасининг 14 нафар вакили спортнинг 5 турида ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда.

Бокс терма жамоасининг финалга чиққан учинчи вакили ҳам олтин медалга эга бўлди.

– 69 кг вазн тоифасида мезбонлар вакили Тамерлан Абдуллаевга қарши рингга кўтарилган Бобо-Усмон Ботуров тўла устунликка эришди. У ҳакамлар қарорига кўра 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медаль билан тақдирланадиган бўлди.

Бунгача – 56 кг вазн тоифасида Абдулҳай Шораҳматов ҳамда – 64 кг вазн тоифасида Алиёр Норалиев ўз жангларида ғолиб чиқиб, олтин медаль олганди.

Боксчилар терма жамоаси бунгача иккита бронза медаль олганди.

– 49 килограммгача вазнда Мироншоҳ Иброҳимов ярим финалда суриялик Хуссин ал-Масрийга 1:4 ҳисобида ютқазганди.

– 52 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Аброржон Қодиров ярим финалда марокашлик Абдулали Дараага 1:4 ҳисобида енгилди ва бронза медали билан чекланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон бокс терма жамоаси Бокуга 9 нафар боксчи билан жўнаб кетганди. Уларнинг 4 нафари: Улуғбек Дўстмуродов (-60 кг), Маҳмуд Ғоипов (-75 кг), Мадиёр Саидраҳимов (-81 кг) ва Сардор Бегалиев (-91 кг) медаллар учун курашдан чиқиб кетганди.