Боливия президенти Эво Моралес 17 май куни Чили ҳукумати Боливиянинг адлия вазири Эктор Арсега Чилига киришни тақиқлаганини маълум қилди.   

Вазир Чилига Икике шаҳрида маҳсулотлар ортилган юк машинасини ўғирлаш айби билан қўлга олинган 9 боливиялик ҳарбийнинг иши бўйича 25 май кунидаги жараёнда қатнашиш учун келмоқчи эди. Аввалроқ Чили ҳукумати Боливиянинг мудофаа вазири Рейми Феррейрега ҳам киришни тақиқлаганди. 

"Улар мудофаа вазири, парламент палаталари раҳбарларига, энди эса адлия вазирига виза беришни рад этишди, бу адолатсизликдир, дунё буни диктатуралардан ҳам ёмонроқ эканлигини билсин", деб ёзди Моралес твиттерда.

Икки давлат ўртасидаги ихтилоф Чили полицияси томондан март ойида боливиялик ҳарбийлар қўлга олингандан кейин авж олган. Чили бу ҳарбийларни Чилида маҳсулотлар ортилган юк машинасини ўғирлашда айбламоқда, Боливия эса улар миллий ҳудудда бўлишгани ва контрабандага қарши кураш олиб боришганини таъкидламоқда. Боливия мудофаа вазирлиги бу воқеани одам ўғирлашдек баҳолаган ва боливияликларни Чилида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилмасликка чақирган. Вазир Феррейра эса Чилининг амалдаги ҳукумати тузумини диктатор Аугусто Пиночет вақтидагидан ҳам ёмонроқ деб айтган.