Товламачи "Формула-1"нинг етти карра чемпиони Михаэль Шумахернинг турмуш ўртоғига фарзандларини ўлдириш билан таҳдид қилиб, 900 минг евро талаб қилди. Bild шу ҳақда хабар берди.

Гап шундаки, 2016 йилнинг февралида номаълум кимса Коринна Шумахернинг электрон манзилига хабар йўллаган. У ўзининг биринчи хатида "Агар 2016 йилнинг 31 мартгача пулларни олмасак, қандай бўлмасин, фарзандларинг ўлдирилади", деб ёзган. 

Ўша пайт Шумахерларнинг ўғли Мик "Формула-4" пойгалар сериясида иштирок этаётган эди. Автопойгачи оиласида яна бир фарзанд - Жина-Мария ҳам бор.

Коринна Шумахер полицияга мурожаат қилди. Жиноятчи электрон почтада қолдирилган банк ҳисоб рақами орқали аниқланди. 25 ёшли гумондор судда ўз айбига иқрор бўлди, лекин бундай қилишга уни нима мажбур қилганига изоҳ бера олмади. 

Машҳур пойгачи Михаэль Шумахер 2013 йилнинг охирида Франциянинг Мерибелида тоғ чанғиларида учиш вақтида жиддий жароҳат олган. У бош мия жароҳати ва миянинг икки ярим шаридаги кўплаб жароҳатлардан азият чекади. 2014 йилнинг сентябридан буён у Женева кўли қирғоғидаги виллада қайта тикланиш жараёнини ўтамоқда. Шумахернинг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар жуда кам ва бу хабарлар баъзан бир-бирига зид.