18 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Финляндия Республикасинининг фавқулодда ва мухтор элчиси Никлас Линдквист (қароргоҳи Хельсинки шаҳрида) билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат чоғида икки томон кун тартибининг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашди.

Элчи 2017 йил 17 май куни Тошкент шаҳрида очилган «Ўзбекистон нефть ва гази – Global Oil&Gas Uzbekistan/OGU 2017» 21-халқаро кўргазмаси ва конференциясидаги иштироки ва «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компаниясида ўтказилган музокаралар тўғрисида сўзлаб берди.

Учрашувда таъкидланганидек, мамлакатда қабул қилинган 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзаро муносабатларни савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа соҳаларда янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади.

Музокараларда бўлажак Ўзбекистон—Финляндия учрашувлари жадвали ҳам кўриб чиқилди.

Шу куни ТИВда Эрон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳман Оғозорий Дўрмоний билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг амалий масалалари, жумаладан, 11-12 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Шангҳай ҳамкорлик ташкилоти форумининг 12-йиғилиши якунлари юзасидан фикр алмашилди. Мазкур форумда Эрон ШҲТ кузатувчи давлат сифатида иштирок этганди.