Трамп АҚШ тарихидаги энг йирик "ялмоғиз ови" ҳақида сўз очди

Жаҳон 18 Май 2017 12065
Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп собиқ ФТБ директори Роберт Мюллернинг махсус прокурор этиб тайинланишига кескин муносабат билдирди. Гап шундаки, махсус прокурор Америкадаги президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви масаласини ўрганади. BBC шу ҳақида хабар берди

"Бу - Америка тарихидаги сиёсатчига нисбатан энг катта ялмоғиз ови", - деб ёзди у ўзининг Twitter'ида адлия вазирлиги махсус прокурорни тайинлаганидан бир неча соат ўтиб. 

Ушбу лавозимни 2001-2013 йиллар АҚШ Федерал тергов бюросига раҳбарлик қилган Роберт Мюллер эгаллади. 

10 май куни АҚШ президенти ФТБ раҳбари Жеймс Комини истеъфога чиқарганидан сўнг Америкадаги сайловларга Россиянинг аралашувига доир тергов ишини олиб бориш учун махсус прокурорни тайинлаш талаб қилинди. 

Мухолифат президентнинг қарорини танқид остига олиб, уни ўша пайт Коми бошқариб бораётган терговга босим ўтказишда айблади. 

Трамп барча айбловларни сохта, терговнинг ўзини эса "солиқ тўловчиларнинг пули эвазига келган майнавозчилик" деб атаган.

Куни кеча АҚШ конгресси ФТБдан Трамп ва Комининг учрашувлари ёзувларини тақдим этишни талаб қилди. Бу New York Times газетасида чиққан мақоладан кейин рўй берди - унга кўра, АҚШ президенти эндиликда собиқ ФТБ раҳбаридан Россия билан алоқаларда гумон қилинаётган миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн билан боғлиқ воқеаларни босди-босди қилишни сўраган.

Трамп Флинни ишдан бўшатган. Нашрга кўра, Коми президент билан бўлган барча учрашувлар ва суҳбатларни изчил ҳужжатлаштириб борган - конгрессменлар айнан шу ҳужжатларни талаб қилишмоқда.

Конгресс баёнотида айтилишича, агар шундай ёзишма бўлган тақдирда, бу Трампнинг ФТБнинг Флиннга нисбатан терговига таъсир ўтказиш ёки ҳалақит беришга урингани масаласини қўяди. 

CNN телекомпанияси ҳам New York Times каби аноним манбаларига таяниб, ушбу ёзишма мавжудлиги ҳақида маълум қилди.

ФТБ россияликларнинг АҚШдаги сайловларга аралашувига доир тергов ишини давом эттирмоқда. Пайшанба куни Reuters агентлиги Трампнинг жамоаси 2016 йилнинг апрелидан ноябрига қадар камида 18 марта Россия ҳукумати вакиллари билан алоқада бўлганини маълум қилди, ФТБ бу маълумотларни ҳам ўрганиб чиқмоқда. 

Оқ уй Трамп жамоаси аъзоларининг Россия ҳукумати билан алоқаларига оид барча айбловларни рад этмоқда. Кремль ҳам, ўз навбатида, АҚШдаги сайлов кампанияларига аралашувни инкор қилмоқда. 

Россия президенти Владимир Путин куни кеча Трамп Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашувда унга махфий сирни очган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга кескин муносабат билдирди. "Кўриб турганимиздек, АҚШда сиёсий шизофрения авж олмоқда", - деди Путин.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 28842 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 64948 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 8154 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 125455 Жамият
Бекободнинг 2035 йилгача мўлжалланган  бош режаси: Шаҳар қандай кўринишда бўлади?
Зафар Рўзиев: Энди Қашқадарёда етиштириладиган пахтанинг ярмидан кўпи ўзимизда қайта ишланади
Алвидо Dodge Viper! Суперкарнинг энг ноёб намуналари
Афғонистонда толибларнинг етакчиларидан бири ўлдирилди
17:50 730 Жаҳон
Украинада Франциянинг 200 млн еврони ўзлаштирган фуқароси қўлга олинди
17:40 1087 Жаҳон
Ўзбекистон Республикаси Олий суди турли миш-миш хабарларга раддия берди
Кўпроқ янгиликлар