Трамп бир қатор шартлар бажарилганда Шимолий Корея билан келишиши мумкин

Жаҳон 18 Май 2017 4441
Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг махсус вакили Хон Сок Хён билан суҳбатда муайян шартларга амал қилинганда Шимолий Корея билан келишувга эришиш йўли билан Корея яриморолида тинчликка эришишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда "Рёнхап" ахборот агентлиги хабар бермоқда

Учрашув АҚШ вице-президенти Майк Пенс, Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Герберт МакМастер ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер иштирокида 15 дақиқача давом этган. Бу учрашув Мун Чжэ Ин Жанубий Корея президенти лавозимига киришгандан кейин Жанубий Корея маъмурияти ва Трамп ўртасидаги илк учрашув бўлди. 

"Президент Трамп Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар ва Хитой билан ҳамкорлик муносабатлари ҳақида сўзлади. У Шимолий Корея ядро муаммосини ҳал қилиш ва натижаларга эришиш учун президент Мун билан яқиндан ҳамкорлик қилишини айтди", деб айтган Хон Сок Хён.

"Шимолий Кореяга босим ва санкциялар борлигига қарамасдан, Трамп баъзи шартларга амал қилинганда Шимолий Корея билан келишувга келиш йўли билан тинчликка эришишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, у шунчаки музокаралар учун музокаралар эмас, натижага олиб келадиган музокаралар олиб бормоқчи", деб айтди жанубий кореялик дипломат.  

Учрашув давомида Хон Сок Хён Трампга Жанубий Корея раҳбарининг Вашингтонга таклиф қилингани учун миннатдорчилик хатини етказиб қўйди. Бундан ташқари, Хон Сок Хён Герберт Макмастер билан Корея яриморолида THAAD ракеталарга қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш масаласини қисқача муҳокама қилди.  

Жанубий Корея ва АҚШ ҳукуматлари 16 май куни икки давлат раҳбарлари ўртасида Вашингтонда июнь охирида олий даражадаги учрашув ўтказишга келишиб олдилар. Бу учрашувда муҳокама қилинадиган асосий мавзулар Шимолий Корея ядровий муаммоси, эркин савдо зонаси ва Корея яриморолида THAAD тизимини жойлаштириш масалалари бўлади.

Кўпроқ янгиликлар