Volvo маркасининг юк машиналар ишлаб чиқарувчи бўлими ҳайдовчисиз чиқинди ташувчи машиналар синовини бошлади. Синовлар чиқиндиларни утиллаштириш билан шуғулланувчи Renova швед компанияси билан биргаликда ўтказилмоқда. Синовлар 2017 йил охиригача ўтказилади.

Автомобиль биринчи бор нотаниш кўчага кирганда уни албатта ҳайдовчи бошқариши керак. Автопилот тизими ҳаракат йўналишини ва чиқинди баклари қўйилган жойларни эслаб қолади.

Кейинги маротаба ҳайдовчи биринчи тўхташ нуқтасида кабинадан тушиб, автоном бошқарувни ишга тушириб, чиқиндини йиғиш билан шуғулланиши мумкин бўлади. Бунда автомобиль бакдан баккача орқаси билан юриб, тўсиқлар ва йўлда турган машиналарни мустақил равишда айланиб ўта олади.

"Машина орқаси билан юрганда ҳайдовчи чиқиндиларни сиқувчи бўлим ёнида туради ва унга ҳар гал кузовнинг орқа қисмидан кабинагача ва яна ортга юриш талаб этилмайди", деб айтилди Renova компаниясида. Юк машинаси махсус сенсорлар билан жиҳозланган бўлиб, улар хавф юзага келадиган вазиятда машинани дарҳол тўхтатадилар.

Ўтган йил Volvo ҳайдовчисиз самосваллар синовини ер остида бошлаганди. Бундай машиналар хавфсиз эканлигини исботлаш мақсадида швед компанияси техник директори Торбьорн Хольстрем 18 тонналик юк машинаси йўлида унинг мустақил тўхташини пойлаб туриб олган.