Оиладаги сурункали жанжал, бир-бирига нисбатан ҳурматсизлик, ўзаро ишончнинг йўқлиги, қолаверса, бесабаб рашк туфайли Мастура Алиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бевақт ҳаётдан кўз юмди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Оилада эрнинг хотинга, хотиннинг эрига нисбатан ишончи, меҳр-муҳаббати бўлмаса, оилада на барака, на тинчлик бўлади. Ўринсиз рашк туфайли бўладиган жанжалу тўполонлардан эр ҳам, аёл ҳам чарчаган эди. Четдан қараганда ҳам уларнинг оиласига аллақачон путур етган, парокандаликка юз тутганди.

Козим Алиевнинг миясига ўрнашиб олган фикр уни ҳам, турмуш ўртоғини ҳам адо қилди...

Ўша куни спиртли ичимлик таъсиридан маст бўлиб қолган Козимнинг мияси яна “айниди”. Хаёлида хотини унга хиёнат қилаётгандек туюлаверди. Кейин эса ҳе йўқ, бе йўқ жанжал чиқарди.

Кунда-кунора бўладиган бу каби жанжаллардан безиб кетган аёл акасининг ёнига бориб, ҳаммасини айтиб бериш ниятида йўлга тушди. Аммо, М.Алиева манзилига етиб боролмади. Аёлининг бу ҳаракати Козимга ҳақоратдек туюлди. Шу боис, хотинининг ортидан бориб, йўлда уни тўхтатди. Жанжал яна давом этди. Турмуш ўртоғининг ортга қайтиш нияти йўқлигини англаган Козим ўзи билан олиб келган ошхона пичоғини ишга солди. Мастура оғир жароҳатлар олиб, ҳушини йўқотди.

Ёрдамга етиб келганлар Мастурани зудлик билан шифохонага олиб боришди, лекин унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

Айбини тан олган Козим қилмиши оқибатини англаб етгандир. Бироқ, энди жуда кеч...

Козим Алиев суд ҳукмига кўра узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди.