Бразилия федерал олий суди судьяси Эдсон Факин мамлакат президенти Мишел Темерга нисбатан коррупцияда гумон бўйича жиноий иш очишга рухсат берди. Бу ҳақда Globo телеканали хабар бермоқда.  

Тегишли сўров олий судга мамлакат бош прокуратураси томондан йўлланган. Шу тариқа Темер коррупцияда расман гумондорга айланди. Бразилия қонунларига кўра, мамлакат президенти жиноий таъқибдан қисман дахлсизликка эга, шу сабабли унга нисбатан тергов фақатгина олий суд инстанцияси санкцияси билангина бошланиши мумкин.

Бундан аввалроқ бразилиялик тадбиркорлар – ака-ука Жоэсли ва Уэсли Батиста олий судга гўёки Темер парламент қуйи палатасининг собиқ спикери, собиқ президент Дилма Руссефф импичментининг ташаббусчиси Эдуарду Куньюга пора беришни сўрагани ҳақидаги ёзувни беришган. Телеканал маълумотларига кўра, пуллар Куньяга "сукут сақлаши" учун берилмоқчи бўлган.

Ўз навбатида Темер Куньяга пора беришга уриниш бўйича айбларни рад этмоқда. Президент матбуот хизмати томондан тарқатилган баёнотда президент "собиқ спикернинг суд билан ҳамкорлик қилишига халақит қилишга чорланган қандайдир бир ҳаракатларда иштирок этмаганлиги ва уларга рухсат бермаганлиги" таъкидлаб ўтилди.