«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду Испания чемпионати доирасида «Сельта»га қарши кечган ва 4:1 ҳисобида якунланган учрашув вақтида рақибни пора олишда айблаган.

Камера эпизодларнинг бирида португалиялик футболчи галисияликлар ҳимоячиси Густаво Кабралга мурожаат қилганини пайқаган.

32 ёшли футболчи аввалига қўллари билан чамадонни тасвирлаган, кейин бу чамадон «Сельта» футболчилари учун аталган пулга тўлдирилгани ҳақида айтган.

Қайд этиш керакки, «Сельта» ўша ўйинда «Реал»ни мағлуб этганида, «Барселона»да чемпионликка эришиш учун яхши имконият пайдо бўларди.  Эндиликда мадридликлар охирги турда «Малага» билан ўйинда бир очко олиш эвазига чемпион бўлиши мумкин.