АҚШ молиявий разведкаси Америка Конгресси Вакиллар палатасига президент Доналд Трамп ва унинг атрофидагиларнинг Россия билан бизнес алоқалари борлигини текшириш бўйича зарур бўлган маълумотларни тақдим этди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар қилмоқда.

Манбаларнинг сўзларига кўра, АҚШ Молия вазирлиги таркибига кирувчи молиявий разведка Вакиллар палатасининг разведка бўйича махсус қўмитасига махфий ҳужжатлар билан танишиш имконини берган. 

Аввалроқ, Конгресснинг икки палатасининг ушбу масала бўйича қўмиталари молиявий разведкага мурожаат қилиб, шундай маълумотларни тақдим этишни сўраган эди. Сенат махсус қўмитаси ҳам шу маълумотларни олганини бу идорадаги демократ Марк Уорнер тасдиқлаган эди. 

Сенатнинг разведка бўйича махсус қўмитасининг демократ аъзоси демократ Рон Уайден The Wall Street Journal газетасига берган интервюсида, уни биринчи галда  пулларни ўтказиш учун сохта компаниялар ёки кимгадир кўчмас мулк берилгани қизиқтиришини айтган эди.
 
Ҳозирча, молиявий разведка вакиллари ушбу хабарни изоҳлашни рад этишган. Президент Трампнинг ўзи Россияда бизнеси ҳам йўқлигини, Москва билан бирор соҳада алоқа ҳам қилмаслигини таъкидлаб келади.