18 май куни Украинанинг Запорожье аэропортида фавқулодда ҳодиса юз берди: бу ерда Киевдан рейс билан келаётган "Международные авиалинии Украины" авиакомпанияси самолёти қотиб улгурмаган бетон қопламали полосага қўнди. 

Оқибатда самолётга бошқа рейсларни амалга ошира олмайдиган даражада жиддий шикаст етган: бетон қоришма самолёт шассиси таянчига, фюзеляжнинг пастки қисмига, двигатель турбиналари ва қанотга теккан.

"Самолётнинг техник ҳолати рейсларни амалга оширишга имкон бермайди. Авиакомпания томондан Запорожье – Киев рейслари йўловчиларини манзилгача қуруқликдаги транспорт билан етказиб қўйишга қарор қилинди", деб айтилган авиакомпания сайтида.

Таъкидланишича, ушбу воқеа авиакомпания айби билан юз бермаган. Гап шундаки, воқеа юз беришидан бир кун аввал аэропорт 18 майдан бошлаб барча рейсларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.