Ўзбекистон Сурия, ЖАР, Исроил, Фижи, Уганда ва Лаос қаторида илк марта халқаро армия ўйинларида иштирок этади. Бу ҳақда «АрМИ-2017» ташкилий қўмитаси маълум қилган.

«Исроил, Фижи, ЖАР, Ўзбекистон, Сурия, Уганда ва Лаос илк марта халқаро армия ўйинларида иштирок этади. Бугунга қадар жами 27 мамлакат ўйинларда иштирок этишини тасдиқлади, ўз қизиқишини билдирган яна 16 мамлакат ҳозирча якуний қарорга келмаган. Таклифномалар 73 мамлакатга жўнатилганди», — дея маълум қилган ташкилий қўмита 32 мамлакат ҳарбий атташелари билан ўтказилган йиғилиш чоғида.

Ўйинлар Россия, Озарбойжон, Беларусь, Қозоғистон ва Хитойнинг 22 полигонида 29 июндан 12 августга қадар ўтказилади. 

Ўйинлар ҳарбий хизматчиларнинг дала, ҳаво ва денгиздаги маҳоратларини синовдан ўтказишга қаратилган 28 танловдан иборат бўлади. 2017 йилги ўйинларга 5та янги йўналиш киритилган: булар «Ҳарбий ралли» (1000 километрдан ортиқ масофага ҳарбий  машиналарда марш билан ҳаракатланиш), «Учувчисиз учар қурилмаларни бошқариш мусобақаси», «Ҳамдўстлик жангчиси» (МДҲ мамлакатлари ҳарбийларининг ҳарбий-профессионал маҳорати), «Тартиб посбони» («Қаҳрамонлар пойгаси» тўсиқли полосаларида ҳарбий полициячилар ўртасида мусобақа), «Йўл патрули» (ҳарбий автоинспекциялар мусобақаси) мусобақалари.