Европада футбол мавсуми ўз ниҳоясига етмоқда. Биргина Италия А сериясини ҳисобга олмаганда, қолган барча етакчи чемпионатларида сўнгги тур учрашувлари ўтказилади. «Реал» ва «Ювентус» айнан шу ҳафтада чемпионликни қўлга киритиши мумкин. Tribuna.Uz барча масалага ойдинлик киритиши мумкин бўлган учрашувларга тўхталиб ўтди.

«Боруссия» Дортмунд — «Вердер» (20 май, 18:30, Матч!Футбол 3)

Фото:  Google Images

Бундеслигада олтин ва кумуш медал масаласи ҳал бўлиб улгурган. Совринли учинчи (ЕЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма) ўрин масаласи эса сўнгги турда ҳал бўлади. «Боруссия» «Вердер» билан куч синашса,  «Ҳоффенҳайм» «Аугсбург»ни қабул қилади. Бир хилда очко тўплаб турган жамоаларда тўп нисбати бўйича устунлик дортмундликларда бўлиб турибди. «Ҳоффенҳайм» учинчи ўринни қўлга киритиши учун бешта тўп кўпроқ фарқ билан ютиши керак бўлади.

Икки жамоа ўртасидаги сўнгги 11 учрашувнинг фақат биттасида «Вердер» ғалаба қозонган. Қолган 10та учрашувнинг барчасида «Боруссия»нинг қўли баланд келган. Дортмундда бўлиб ўтган сўнгги 8 учрашувнинг барчасида «Боруссия» ғалаба қозонган. Сўнгги марта «Вердер» бу ердан 2009 йилда ғалаба билан ортга қайтганди.

«Наполи» — «Фиорентина» (20 май, 23:45 Sport, Матч! Футбол 2)

Италияда ҳам вазият шунга ўхшаш: «Ювентус» энг яқин таъқибчисидан 4 очко олдинда бормоқда ва бу турда «Кротоне»ни мағлуб этишига ҳеч ким шубҳа қилмаётган бўлса керак. Шу боисдан асосий кураш ЕЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма учун кечиши кутилмоқда. Рақибидан бир очко олдинда бораётган «Рома» сўнгги икки турда «Кьево» ва «Женоа»га қарши майдонга тушади. Неаполликлар эса «Фиорентина» ва «Сампдория»га қарши майдонга тушиши лозим бўлади. «Наполи»нинг курашни давом эттириши учун айнан «Фиорентина»ни мағлубиятга учратиши лозим бўлади.

Икки жамоа ўртасидаги сўнгги беш учрашувнинг 3тасида «Наполи» ғалаба қозонган. Неаполда кечган сўнгги 4 учрашувнинг 3тасида мезбонларнинг қўли баланд келган. «Фиорентина» сўнгги марта Неаполда 2014 йилнинг мартида ғалаба билан ортга қайтганди.

«Локомотив» — «Зенит» (21 май, 17:00, Матч ТВ, Наш Футбол)

Агар Италияда чемпионлар лигаси учун икки жамоа тўғридан-тўғри йўлланма олса, Россияда бу борада фақат битта жамоа бундай имкониятга эга бўлади. Иккинчи ўринни эгаллаган жамоа эса ЕЧЛ саралаш босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритади. «Спартак» чемпионлик масаласини ҳал қилиб олгач, ЕЧЛ йўлланмаси учун икки жамоа курашни давом эттирмоқда. ЦСКА «Анжи» билан куч синашса, «Зенит» эса «Локомотив» меҳмони бўлади. Москва клубидан бир очко ортда бораётган питерликлар учун олдига қўйилган вазифани бажариб бўлган Сёмин жамоасига қарши учрашувда ғалаба қозониш вазифаси қўйилган.

Икки жамоа ўртасидаги сўнгги ўнта учрашувдан сўнгги биттасида «Локомотив» «Зенит»ни мағлубиятга учрата олган. 10 учрашувнинг 5тасида «Зенит»нинг қўли баланд келган бўлса, 4 учрашувда дуранг қайд этилган. «Локомотив» мезбонлигида кечган 9 учрашувнинг иккитасида Локомотив ғалаба қозонган. Икки дуранг, 5 мағлубият.

«Арсенал» — «Эвертон» (21 май, 19:00, UzReport, Матч! Футбол 1)

Фото:  Google Images

Арсен Венгерни қутқариб қолиши мумкин бўлган учрашувлардан бири сифатида қабул қилинмоқда. «Арсенал» 1996 йилдан буён илк марта тўртинчи ўриндан пастроқ ўринни эгаллаши мумкин. Бу дегани жамоа ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолиши мумкин. Аммо кам бўлсада жамоада имконият сақланиб қолмоқда. «Сити» лондонликлардан уч очко олдинда бўлса, «Ливерпуль»да бир очкога кўпроқ. Бу икки жамоа мос равишда «Уотфорд» ва «Мидлсбро»га қарши майдонга тушади. Венгер жамоаси эса «Эвертон» билан куч синашиши лозим.

«Ливерпуль» очко йўқотганда, ҳар қандай ғалаба «Арсенал»ни тўртинчи ўринга олиб чиқади. «Сити» мағлубиятга учраган тақдирда эса «Арсенал» камида тўртта тўп фарқи билан Ливерпулнинг иккинчи жамоасини мағлуб этиши керак бўлади.

«Эвертон» икки жамоа ўртасидаги сўнгги 20 учрашувнинг 3тасида «Эвертон»нинг қўли баланд келган. 12 учрашувда «Арсенал» ғалаба қозонган бўлса, 5 учрашувда дуранг қайд этилган.

Премьер-лига ташкил этилган 1992 йилдан буён «Эвертон» ҳеч қачон «Арсенал» уйидан ғалаба билан қайтмаган. Ўтказилган 24 учрашувнинг 19тасида «Арсенал» ғалаба қозонган. Умуман олганда «Эвертон» сўнгги марта «Арсенал»ни Лондонда 1987 йилнинг мартида мағлубиятга учратган. Орадан 30 йил ўтиб бу ишни амалга ошира оладими-йўқми эртага билиб олишимиз мумкин.

«Малага» — «Реал» (21 май, 23:00, UzReport)

Фото:  Google Images

«Барселона» Испания чемпиони бўлиши учун «Эйбар»ни мағлубиятга учратиши, «Реал» эса «Малага» уйида мағлубиятга учраши лозим. Қолган исталган натижаларда Зайниддин Зидан ўзининг мураббийликдаги фаолияти давомида илк марта мамлакат чемпионига айланиши мумкин.

«Барселона» бу кеча «Малага»га мухлислик қилиши тайин, аммо бир қизиқ сабаб борки, бу мадридликларни амалда чемпионга айлантириши кутилмоқда. Гап шундаки, «Малага» Искони «Реал»га трансфер қилаётганида футболчи Испания чемпионатида зафар қучса, унинг учун қўшимча 1 миллион евро бонус олиши лозим. Тақдирни қарангки, «Реал»нинг чемпионлигини ҳал қилиб берадиган ўйин айнан «Малага»га қарши тўғри келмоқда. Спорт принциплари устун келадими ёки йўқ, буни эртага билиб оламиз.

Икки жамоа ўртасидаги чемпионат доирасида кечган сўнгги 10 ўйиннинг биттасида «Малага» ғалаба қозонган. 2 учрашувда дуранг қайд этилган бўлса, «Реал» 6 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган. Малагада кечган сўнгги тўрт учрашувнинг фақат иккитасида «Реал» ғалаба қозонган. Сўнгги марта «Малага» 2012 йилнинг декабрида «Реал»дан устун келганди.