Олий маълумотли, нафақадаги Эрали Шералиев қонун талабларини жуда яхши била туриб, лицензия олмасдан, ўрта-махсус маълумотли турмуш ўртоғи Раҳимахон Раҳимова билан ҳовли уйида, тиббий талабларга мутлақо жавоб бермайдиган шароитларда даво истаб келган беморларга ташхис қўйиш, қўлбола усулда тайёрланган малҳам ва дамламалар ёрдамида ноанъанавий муолажалар қилишни йўлга қўяди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Хонаки “табиб”лар тери касаллигидан шикоят қилиб келган, аслида “аллергик дерматит” касаллигига чалинган бемор йигит нотўғри ташхис қўйиб, замонавий тиббиётда қўлланилмайдиган ва бемордаги касалликка номутаносиб бўлган усулларда даволашга киришишади. Қўлбола усулда чўчқа ёғига мўмиё қориштириб, тайёрланган малҳамни баданига суртишади ҳамда тиббий талабларга жавоб бермайдиган уй шароитида, кун иссиғида, целлофан клёнкага ўралган ҳолатда беш-олти соат очиқ ҳавога ётқизиб қўйиш “усули” билан беш кун мобайнида “даволашади”. Бироқ, кўр-кўрона ноанъанавий муолажа акс таъсир этиб, бир неча кундан сўнг бемор йигит вафот этади.

Суд тиббий экспертизасининг қайдига кўра, Э.Шералиев томонидан қўлланилган муолажалар беморда марказий нерв тизими, қон айланиши, нафас ва модда алмашинувининг оғир бузилишига, бош мия шишишига олиб келган. Бемор ўз вақтида тиббий муассасага ётқизилиб, малакали даволаш муолажалари олиб борилганида, ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди.

Суд мажлисида “табиб” ва унинг “ҳамшираси”га тегишли жазо тайинланди. Бироқ амнистия тўғрисидаги қарор билан улар жазодан озод этилди.