АҚШнинг General Electric (GE) компанияси АҚШ президенти Дональд Трампнинг Саудия Арабистонига ташрифи вақтида ушбу мамлакат билан 15 млрд долларлик битим тузди. Бу ҳақда "Ажил" электрон нашри маълум қилди.   

Нашр маълумотларига кўра, шартнома имзоланиши Саудия Арабистонининг Инвестициялар бўйича бош бошқармасининг қиролликда 19 та АҚШ компаниясининг ишлашига рухсат берилиши қарори доирасида бўлиб ўтди. Таъкидланишича, бу компаниялар Саудия Арабистони иқтисодиётига, жумладан, банк, алоқа, электрон технологиялар, логистика, қурилиш, фармацевтика соҳаларида ишловчи компанияларга қўшимча даромад келтириши мумкин.    

Кутилишича, Трампнинг Ар-Риёдга ташрифи вақтида томонлар нефть соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида 22 млрд долларлик шартнома имзолашади. 

Шунингдек, инвестицион соҳада ҳамкорлик ҳақидаги келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Унга кўра, қироллик АҚШ инфратузилмаси ривожланишига 40 млрд долларлик сармоя киритади. 

Ўтган йил якунларига кўра, АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо айланмаси 142 млрд долларга яқинни ташкил қилган. АҚШ Саудия Арабистонига экспорт амалга оширувчи давлатлар орасида 1-ўринни эгаллайди.