Қашқадарёда жоҳил куёв қонун олдида жавоб берди

Жамият 20 Май 2017 11153

Шарифа опа (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қизини Салоҳиддинга узатаётганида ундан умидлари катта эди. Салоҳиддин шу қишлоқда, кўзи олдида катта бўлган, топарман-тутармон йигит эди. Боз устига фермер, мулкдор, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бундан ортиқ куёвни топиб бўлармиди?! Афсуски, опанинг орзулари саробга айланди. Одамнинг оласи ичида бўлади деганидек, тўйдан сўнг Салоҳиддин асл қиёфасини кўрсата бошлади. Кўп ўтмай, оилага дарз кетди. Буларнинг барчасига Салоҳиддиннинг такаббурлиги, манманлиги ва жоҳиллиги сабаб бўлди. Қизи уйга қайтиб келганидан Шарифа опанинг кўнгли вайрон бўлса-да, маънавиятдан йироқ, кучи фақат ҳақорату таҳқирлашга етадиган куёвидан қутулганига шукр қилди.

Бироқ Салоҳиддин бошқача фикрда эди. У турмушининг бузилишига қайнона-қайнотасини айбдор деб биларди. Бир неча бор улар билан гаплашиб олмоқчи бўлди, аммо журъати етмади. Қолаверса, қайнотаси пойтахтдаги нуфузли идорада ишлайди. Шу боис, у билан кўришиш, юзма-юз гаплашиб олиш бироз мушкул иш эди.

Салоҳиддин қайнотасининг йўлини узоқ пойлади. Қишлоққа келганини эшитганида, бир неча бор кўчасидан ўтди. Аммо уни ёлғиз учрата олмади. Қайнотасининг яна пойтахтга кетаётганини эшитиб, фурсатни қўлдан бермаслик учун шу заҳотиёқ йўлга тушди. “Шу бугуноқ гаплашиб оламан. Йўқса, уни яна узоқ вақт кутишимга тўғри келади”. Салоҳиддин ана шу хаёллар билан машинасида бораркан, ўз-ўзидан ғазаб отига минди. Оиласини пароканда қилгани учун қайнотасидан бунинг ҳисобини сўрашга қатъий аҳд қилди. Қўллари мушт бўлиб тугилди...

Меҳмондорчилик авжига чиққан бир пайт эди. Ҳамманинг кайфияти аъло. Собир Ҳикматовни кузатиш учун фарзандлари, қариндош-уруғлари, дўст-биродарлари тўпланган. Тўсатдан дарвоза ортида шовқин-сурон кўтарилди. Кимдир овозининг борича бақириб, уй эгасини ҳақоратларди. Шарифа опа хавотирланиб, кўчага югурди. Унга эргашиб бошқалар ҳам ташқарига ошиқишди. Кўчада ер тепиниб турган Салоҳиддинни кўриб, Шарифа опасининг жаҳли чиқди.

-  Нега келдинг?

-  Собирни чақир!

Уй бекаси сурбет куёвнинг сенсирашидан меҳмонлар олдида изза бўлди. Салоҳиддин қайнонасига ёвқараш қилганча талабини такрорлади.

-  Чақирмайман, сенга кет, дедим!

-  Ҳикматовларнинг барини...

Салоҳиддин ёмон сўкинди. Шарифа опа бундан ер ёрилмади, ерга кирмади.

-  Сен нега ҳаммани ҳақоратлаяпсан?

Шарифа опанинг жияни Толмас можарога аралашди. Салоҳиддин унинг аралашувидан жаҳли чиқиб, танобини тортиб қўймоқчи бўлди. Бироқ қўшнилар бунга изн беришмади. Кейин куёв бор овози билан бақириб сўкинишга тушди.

Салоҳиддин атрофдагиларнинг нафратга тўла нигоҳларини кўриб, уринишлари бефойдалигини тушунди. Аммо шундай қайтиб кетишга ҳам ғурури йўл қўймади. Машинасига ўтириб, ғазаб билан бир икки марта газни босди. Кейин эса машинани тўғри қайнонасининг устига ҳайдади. Бир зумда қий-чув кўтарилди. Ўзини олиб қочишга улгура олмаган Шарифа опанинг оёғини машина босиб ўтди. Салоҳиддин эса бунга парво қилмай воқеа жойини тарк этди.

Шарифа опа тан жароҳати олиб, шифохонада даволанишига тўғри келди. Жоҳил куёв эса қонун олдида жавоб берадиган бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди томонидан Салоҳиддин Бўтаёровга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.  

Кўпроқ янгиликлар