Ливия жанубидаги авиабазага уюштирилган қуролли ҳужумда 140 киши қурбон бўлди

Жаҳон 20 Май 2017 2849
Фото: Getty Images

Ливиянинг Халифа Хафтар Аҳмад Ал Мисмарий қўмондонлигидаги миллий армия вакилининг баёнот беришича, мамлакатнинг жанубидаги авиабазага уюштирилган қуролли ҳужумда камида 141 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда РИА новости хабар қилмоқда

"Аскарлар ҳарбий параддан қайтишаётгани сабабли қуролсиз эди. Уларнинг аксарияти ҳалок бўлишди", — дея вакил сўзларини келтиради агентлик. Унинг айтишича, қурбонлар орасида, шунингдек, авиабазада ишлаган ёки яқин орада бўлган тинч аҳоли вакиллари ҳам бор. 

Аввалроқ, Ливия Миллий бирлик ҳукумати раҳбари Фаёз Ас Сараж мазкур ҳужум учун мудофаа вазири Ал Маҳдий Ал Барғосийни лавозимидан бўшатган эди. 

19 май куни Миллий бирлик ҳукумати баёнот беришича, авиабазага ҳужум қилишга буйруқ бермаган. Триполидаги вазирлар маҳкамасининг Президентлик кенгашига кўра, мамлакат жанубидаги ушбу ҳодиса "ҳарбий зўравонлик бўлиб, миллий ярашиш жараёнини мураккаблаштиради".

Айтиш жоизки, ҳозирда Ливияда икки ҳокимиятчилик ҳукм сурмоқда. Мамлакат шарқидаги Тобрук шаҳрида халқ томонидан сайланган парламент фаолият юритса, ғарбдаги Триполида БМТ ва Европа ҳукуматлари томонидан ташкил этилган Миллий бирлик ҳукумати сиёсат олиб боради. 

Мамлакат шарқидаги ҳокимият Триполидан мустақил равишда ҳаракат қилади ва Халифа Хафтар етакчилигидаги миллий армия билан ҳамкорлик қилади. 

Кўпроқ янгиликлар