АҚШ Ар-Риёдда президент Дональд Трамп ва давлат котиби Рекс Тиллерсон иштирокидаги маросимда Саудия Арабистони билан 110 млрд долларлик мудофаа шартномасини имзолади, деб журналистларга хабар берди Оқ уй вакили.

“Президент ва давлат котиби Тиллерсон деярли 110 млрд долларлик ҳарбий савдолар бўйича ҳужжатларни имзолаш маросимида иштирок этмоқдалар”, деб маълум қилган Оқ уй вакили.

Унинг айтишича, бу шартномалар АҚШ ва Саудия Арабистонининг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини сезиларли кенгайтиради ва барқарорликка кўмак беради. “Улар қиролликнинг бутун минтақа бўйлаб аксилтеррор операциялардаги иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради”, деб айтди АҚШ маъмурияти ходими.

Reuters ахборот агентлигининг Оқ уй ходимига иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, бу шартномалар “Саудия Арабистони ва Форс кўрфази минтақасининг Эрон таҳдидлари олдида узоқ муддатлик хавфсизлигини қўллаб-қувватлайди”.

Саудия Арабистони дунёда ҳарбий харажатлар бўйича АҚШ ва Хитойдан кейин учинчи ўринда туради.