Пул тўла ертўлалар, қимматбаҳо автомобиллар ва хориждан уйлар. Коррупция бошқармаси коррупцияга ботди

Жаҳон 20 Май 2017 51414
Фото: slon.ru

Тожикистонда Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги ходимига тегишли пуллар, олтинлар, бошқа қимматбаҳо бойликлар ҳамда 6та автомобил яшириб қўйилган бункер аниқланди. Аввалроқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари яширин жойдан 35 млн доллар топишган. Мамлакатда кўпчиликни қамраб олган коррупция ҳақида деярли ҳар қадамда сўз юритишмоқда. 

Яқинда Тожикистон парламенти “Ҳукумат тўғрисида”ги қонун лойиҳасига тузатишларни маъқуллади. Унга кўра, ҳукумат мулозимлари ва уларнинг аъзолари  ҳар йили даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисидаги маълумотни ошкор этишлари керак. Айрим экспертларнинг фикрича, Душанбе бу билан жамиятдаги мазкур салбий кўринишга қарши кураш борасида халқаро мажбуриятини бажармоқда. 

Республика юқори лавозимли мулозимлари орасида коррупцияга қарши кураш эса ҳақиқий блокбастерга ўхшаб кетади. Хусусан, 16 май куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги катта терговчиси Фирдавс Ниёзбадаловнинг Сўғд вилояти Бўстон туманидаги уйида тинтув ўтказилди. Мулозимнинг ўзи бир неча кун аввал ҳибс этилганди. Бу ҳақда Тожикистоннинг «Ахбор» нашри хабар қилди. 

Ниёзбадаловнинг уйидаги яширин ертўладан доллар, олтин ва қимматбаҳо тошлар тўлдирилган бир нечта қоп топилган. Бундан ташқари, 6та йўлтанламас борлиги аниқланган. Қоплар муҳрланиб бошқармага олиб кетилган. Нашрнинг қайд этишича, Фирдавс Ниёзбадалов Тожикистон миллий хавфсизлик кенгаши собиқ котибининг куёви, унинг отаси Сўғд вилояти прокурорининг собиқ ўринбосаридир. Таъкидланишича, ҳуқуқ идоралари Фирдавс Ниёзбадаловни тўсатдан аниқлашмаган, балки акаси, Хўжанд шаҳар прокуратураси терговчиси Алишер Ниёзбадаловнинг кўрсатмаси асосида келишган. Унинг уйида ҳам тинтувдан кейин катта миқдордаги бойликлар мусодара қилинган эди. 

Хабарларга кўра, коррупцияга қарши идора мулозимларини ҳибсга олиш ва вазифаларидан озод этиш апрел ойи охирларида бошланган. Биринчи бўлиб агентлик тергов бошқармаси раҳбари Фируз Холмуродзода нишонга айланган. Унинг уйидан 1,3 млн доллар ва 6 кг олтин топилган. Бундан ташқари, Душанбе шаҳрида 31 та хонадон, пойтахтнинг Чортут мавзесида иккита ҳовли, Австрияда тураржой, Варзоб дарасида дала ҳовли ҳам унга тегишли экани аниқланган. Тинтув чоғида, шунингдек, бир нечта банк карточкалари ва 9та сохта паспорт аниқланган. 

Бироқ, бу борада энг йирик натижа Хайрзода оиласи уйида қўлга киритилди. Агентлик директори ўринбосари Давлатбек Хайрзода республикани тарк этишга уриниш чоғида қўлга олинди. Унинг Ромитдаги ота-онаси истиқомат қиладиган уй ошхонасининг поли остида бетонли ертўла аниқланди. У ердан оператив ходимлар 35 млн доллар пулни олиб чиқишди. 

«Пуллардан колумбиялик наркобарон Пабло Эскобар ҳақидаги филмда бўлгани каби девор барпо қилишди. Мен бу қадар кўп пулни ҳеч қачон кўрмаганман», – деган «Ахбор» суҳбатдоши.

Бугунги кунга келиб, Коррупцияга қарши кураш агентлигининг 17 нафар ходими қўлга олинган. Улар мансабини суиистеъмол қилиш, коррупция, ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. Бошқа хабарларга кўра, ушбу идоранинг турли даражадаги ва турли бўлимларининг жами 40 мулозими ушланган. Бошқарманинг ўзи деярли йўқ қилинган. Биргина Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга қариндошчилиги бўлган (Раҳмоннинг катта акасининг куёви) бўлим бошлиқларидан бири Сафар Жобирзода бошқа бошқармага ўтказилган. 

Коррупцияга қарши кураш агентлиги эса, ходимларининг ушланишини изоҳлашдаан бош тортгани ҳолда, улар Бош прокуратура ва МХДҚ ҳамкорлигида ўтказилаётган амалиёт бошланишидан аввалроқ ишдан бўшатилганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, ҳибсга олинганлар қаерда сақланаётгани, мусодара қилинган товар-моддий бойликлар давлат бюджетига киритиладими ёки бошқа мақсадларда фойдаланиладими, номаълум.

Айни вақтда, экспертлар ва жамоатчилик Тожикистондаги коррупцияга қарши кураш хусусида турлича фикрларни билдиришмоқда. Айримлари ҳукумат коррупцияга қарши жиддий курашишга қарор қилганини таъкидлашса, бошқалари «ҳокимиятни бошқараётган тўдалар бир-бирини еб битираётгани»ни айтишмоқда.

Юридик фанлари доктори Шокир Ҳакимовнинг сўзларига кўра, «Тожикистон халқаро институтлар қаршисида коррупцияга қарши кураш мажбуриятини кўнгилли равишда олди». «Шундай экан, эндиликда, ҳокимият жамият ва давлат бошқарув органларидаги ушбу иллатга қарши кураш бўйича сиёсий истак борлигини намойиш этиши керак. Бу хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсиқ бўлмоқда. Шу билан бирга, айтиш мумкинки, бу акция вақтинчалик мазмунга эга бўлиб, республика ташқи ишлар вазири Сирожиддин Асловнинг ЕИ мамлакатларига ташрифи арафасида ижобий фикр уйғотишга қаратилганди», – деб ҳисобламоқда Ҳакимов.

Ҳақиқатдан ҳам Тожикистон ТИВ раҳбари Брюсселда «Душанбе коррупцияга қарши курашни фаоллаштиргани» тўғрисида баёнот берди. Маълумки, Тожикистон дунёнинг энг коррупциялашган мамлакатларидан биридир. Халқаро Transparency International ташкилоти ҳар йилги ҳисоботида 176 мамлакат орасида Тожикистонни 151-ўринга муносиб кўрган, республика 2016 йилги кўрсаткичдан 15 ўринга тушиб кетганди. 

«Ҳеч кимга сир эмаски, коррупция дунёнинг барча мамлакатларида бор, бироқ бизнинг мамлакатимизда бу ҳолатга қарши кураш фаоллаштирилди. Республикадаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш учун таъмагир мансабдорларга қарши энг кескин чоралар кўрилади. Айтишим мумкинки, биз бу борада сезиларли натижаларга эришдик», – деган Аслов.

Аммо, Ҳакимовга кўра, коррупцияга қарши жиддий курашиш учун мамлакатда парламент назоратини ва умуман парламент фаолиятини кучайтириш керак. «Ижроия ҳокимияти томонидан назорат қилинувчи, парламент ва суд тизими, мавжуд кадрлар сиёсати, маҳаллийчилик сақланиб қолар экан – коррупцияга қарши самарали курашиб бўлмайди», – дейди фан доктори. Унинг фикрича, бу ўринда ОАВ ўрнини ҳам кучайтириш керак ва улардаги танқидий мақолалар ҳокимиятнинг масъул идоралари томонидан жиддий текширувларга олиб келиши керак. 

Россиялик ҳуқуқшунос Шарбатулло Содиқовнинг фикрича, Тожикистонда коррупцияга қарши курашнинг янги даври бошланган. «Агар илгарилари қуйи даражадаги коррупцияга қарши курашилган, илгари нари борса ДАН ходими ва қишлоқ кенгаши раисини коррупцияда айблашган бўлса, бугунги кунда юқори лавозимли мулозимлар орасида тозалаш ишлари бошланди. 

Ўйлайманки, коррупцияга аралашиб қолган юқори лавозимли давлат мулозимларига қарши кураш ижобий тенденциядир. Бу кураш республикага янги бош прокурор сифатида Юсуф Раҳмон Аҳмадзода тайинланганидан кейин бошланди. Қайд этиш ўринлики, барча ҳибсга олишлар Бош прокуратура томонидан жиддий равишда тергов қилинганидан сўнг амалга оширилмоқда. Ушланганлар эса, тергов билан ҳамкорлик қилмоқда», – деган Содиқов «НГ» нашрига. Унинг таъкидлашича, бу ҳукуматнинг коррупцияга қарши ҳақиқий кураш бошлаганини англатади. Бу, ўз навбатида, аҳоли учун ижобий ишорадир. 

Кўпроқ янгиликлар