Ўзбекистоннинг “Uzbek Tigers” жамоаси Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB) VII мавсум чорак финалининг биринчи учрашувида амалдаги чемпион “Cuba Domadores” боксчиларини 3:2 ҳисобида мағлуб қилган эди. Учрашув Самарқанднинг “Мўъжиза” амфитеатрида бўлиб ўтганди. 

Бугун Тошкент вақти билан 20 май куни 5:30да (Кубада 19 май 20:30) Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB) VII мавсум чорак финалининг жавоб учрашувлари бўлиб ўтди. Унда “Uzbek Tigers" жамоасининг тажрибали боксчиларига қарши “Cuba Domadores”нинг тажрибали боксчилари танланди. Қизғин ва курашларга бой жангларда ҳар икки жамоанинг бугунги кундаги энг кучли бўлган боксчилари кураш олиб борди. 

“Uzbek Tigers” “Cuba Domadores” ўртасидаги жангларда рингларга қуйидаги боксчилар чиқиб келишди:

52 кг.   Жасур Латипов –  Вейтиа Уосбану

60 кг.   Элнур Абдураимов –  Эстрада Альварес

69 кг.   Шаҳрам Ғиёсов –  Иглесиас Рониэль

81 кг.   Бектемир Мелиқўзиев  –  Ла Круз Жулио

+91 кг. Баҳодир Жалолов – Лардуэт Гомес

Мусобақа регламентига кўра, ҳар бир 3 дақиқалик 5 раунддан олиб борилган аёвсиз  жангларда “Cuba Domadores” жамоаси қўли баланд келди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шундай қилиб, “Cuba Domadores” ярим финалда Columbia Heroicos vs Italia Thunder жамоалари ғолиби билан куч синашади.