«Челси» яриҳимоячиси Н'Голо Канте Англия Премьер-лигасининг 2016/2017 йилги мавсумдаги энг яхши футболчиси деб топилди. 

Кантедан ташқари совринни қўлга киритиш учун Эден Азар, Сесар Аспиликуэта (иккаласи — «Челси»), Ҳарри Кейн, Деле Алли, Ян Вертонген (барчаси — «Тоттенҳэм»), Ромелу Лукаку («Эвертон») ва Алексис Санчес («Арсенал») даъвогарлик қилганди.

Фото: Twitter/@premierleague

26 ёшли француз футболчиси экспертлар гуруҳи, жамоа сардорлари ва мухлислар ўртасида ўтказилган сўровномада энг кўп овоз олиб шундай совринни қўлга киритди.

Канте жорий мавсумда Англия чемпиони унвонини қўлга киритди, ўтган мавсумда эса у «Лестер» билан бу совринни қўлга киритган ва шундан сўнг «Челси» сафига бориб қўшилганди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Канте Профессионал футболчилар Ассоциацияси (PFA) ва Англия спорт журналистлари ўртасида ўтказилган сўровномаларда ҳам АПЛнинг энг яхши футболчиси, деб топилганди.