«Араб НАТОси» ва Эрон. Трампнинг Саудияга ташрифи навбатдаги вайронкор урушни келтириб чиқарадими?

Жаҳон 21 Май 2017 43121
Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп бугун Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёзда икки саммитда иштирок этади. Оқ уй раҳбари 20 май кунги музокаралар ва кўпмиллиардли келишувлардан кейин Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауд билан анъанавий арабча рақсга (қилич билан арда рақси) тушишга ҳам улгурганди. У шунингдек, хориж сафарининг илк кунида Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши (Саудия Арабистони, Қатар, Уммон, Баҳрайн, БАА ва Кувайт) раҳбари билан ҳам учрашди.

Асосий мавзулар
Трамп Саудия-АҚШ саммити доирасида умумий музокаралардан ташқари, Кувайт, Баҳрайн, Қатар, Уммон бош вазири ўринбосари, шунингдек, Миср президенти билан учрашади. Саммитдаги асосий мавзулар араб монархлари ҳамда Вашингтон ўртасида терроризмга қарши блок тузиш, Эроннинг минтақадаги сиёсати, Ямандаги вазият, Сурия ва Ироқ инқирози ҳамда иқтисодий кооперациялар бўлади. Йиғилиш якунида Трамп маъмурияти ҳамда Форс кўрфази бўйидаги давлатлар ҳамкорлиги бўйича расмий баёнот берилади.

Яқин Шарқ инқирози ва аксилтеррор масалалари муҳокамаси биринчи саммитда кенгайтирилган тартибда ўтказилади. Унда араб давлатлари раҳбарларидан ташқари, қирол Салмоннинг таклифига кўра мусулмон давлатлар раҳбарлари ҳам иштирок этади. Бундан аввалроқ, Саудия Арабистони ТИВ раҳбари Одил ал-Жубайр маълум қилганидек, Саудия пойтахтида 37 давлат раҳбари ҳамда 6 нафар бош вазир кутилмоқда. 

Эрон: қуруқ гап эмас, амалдаги иш керак
Эрон сиёсати мавзуси АҚШ ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг якуний матбуот-анжуманидаги энг асосий мавзулардан бири бўлди. Трампнинг Саудия Арабистонига ташрифи Эрондаги президентлик сайловлари билан бир вақтга тўғри келди. Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр журналистларнинг Ҳасан Руҳонийнинг яна бир муддатга Эрон президенти этиб сайланганидан нималар кутиш кераклиги ҳақидаги саволларига «Эрондаги сайлов ва Руҳонийнинг қайта сайланиши бу уларнинг ички ишидир, бизни алоҳида шахслар эмас, бу давлатнинг муайян ҳаракатлари кўпроқ қизиқтиради», деб жавоб берди.

Ал-Жубайр Теҳронни террорчиликни қўллаб-қувватлашда ва минтақадаги ишларга аралашувда айблади. «Эрон араб давлатлари ишларига аралашмоқда ва террорчиликни қўллаб-қувватламоқда, у энг йирик террорчилик ташкилоти «Ҳизбуллоҳ»ни яратган. Улар Сурия ва Ямандаги террорчиларни молиялаштирадилар, жумладан менинг давлатимда терактлар содир этганлар. Бу яхши қўшничилик тамойиллари билан ҳеч қандай умумий жиҳатга эга эмас, бу нормал муносабатлар истаётган давлатнинг хатти-ҳаракатларига мутлақ хос эмас», деб айтди Ал-Жубайр.

«Биз дунёни, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қиладиган ва бошқалар ишига аралашмайдиган Эронни кўришдан хурсанд бўламиз. Бироқ биз кўраётган Эрон мутлақ ўзгача», деб қўшимча қилди Ал-Жубайр. У шу сабабли Эронга янги санкциялар киритишга чақирди.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон, ўз навбатида, АҚШ араб қиролликлари Эрон таъсирига қарши тура олишлари учун уларнинг мудофаа салоҳиятларини мустаҳкамлаш истагида эканлигини айтди.

Фаластин масаласи
Халқаро кузатувчилар фикрига кўра, кун тартибида Фаластин ва Исроил зиддияти муҳокамаси ҳам ўрин олган. Трамп Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғига бориши ва исроиллик ҳамда фаластинлик етакчилар билан муҳокамалар ўтказишни режалаштиргани ҳам шундан далолат беради.

Қайд этиш керакки, Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абу ал-Гейт ҳам Араб-Ислом-Америка саммитига таклиф этилган. Лиганинг шу йил мартида Иорданияда ўтказилган саммитида ҳамжамият Вашингтоннинг бу масаладаги аниқ позициясини билиш истагида экани маълум бўлганди. Саммитнинг якуний декларациясида Фаластин муаммосини ҳал қилиш араб давлатларининг бош мақсади экани қайд этилганди.

Экстремизм билан кураш маркази
Араб-Ислом-Америка саммити якунига кўра, саудияликлар қироли ва америкаликлар президенти экстремистик ғоялар билан курашиш бўйича глобал марказ (The Global Center for Combating Extremist Ideology, GCCEI) очишни режалаштирган. Унинг асосий вазифаси экстремизм ғоялари тарқалишининг олдини олиш бўлади.

Марказ террорчилик гуруҳларининг киберкенгликдаги ҳаракатини мониторинг қилиш билан шуғулланади, ташвиқотчиларни, ёлловчиларни ва аъзоларни аниқлайди. GCCEI биринчи галда «Ал Қоида» ва ИШИДга қарши курашади. Ар-Риёд бу лойиҳага миллионлаб долларлар инвестиция қилишга рози.

«Араб НАТОси»
Ар-Риёддаги учрашувларнинг асосий мавзуси Вашингтон кўмагида ҳарбий альянс тузиш масаласидир. ОАВда буни «Араб НАТОси» дея атай бошлашди. Бу тузилманинг асосий вазифаси ҳавода, сувда ва қуруқликда терроризмга қарши кураш олиб бориш бўлади.

Саудия Арабистонидан ташқари, бу янги коалиция таркибида Миср, БАА ва Иордания ҳаракатланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, унга Туркия, Покистон, Малайзия ва Африкадаги мусулмон давлатлари ҳам кириши мумкин. Шу туфайли альянсга «Араб НАТОси» дея ном беришмоқда. Ушбу ҳарбий иттифоққа таклиф этиладиган давлатлар сони 30га яқин. «Араб НАТОси» ўз ҳаракатларини дунёдаги суперқудратли давлатлар, ҳудудий ва минтақавий бирлашмалар билан мувофиқлаштирган ҳолда олиб боради.

Шу билан биргаликда бу ташкилотнинг тузилишидаги «шаффофлик» масаласи жавоблардан кўра саволларни кўпроқ келтириб чиқмоқда. «Араб НАТОси» ташкил этиш ғояси кўп йиллардан бери мавжуд эди, аммо охирги вақтларда бу ғояни Вашингтондагилар фаол қўллаб-қувватлай бошлади. Эндиликда таҳлилчиларнинг қайд этишича, бу концепция АҚШнинг ташқи сиёсатдаги янги йўналишига тўла мос келади. Америкаликлар ҳудудда янада мустаҳкамланиб олмоқчи. Саудия Арабистони пойтахтида шанба куни имзоланган ҳарбий соҳадаги йирик шартномалар шундан далолат беради.

АҚШ ушбу коалицияда ташкилотчи ва кўмакчи бўлиши равшанлашмоқда. Америкаликлар бу коалицияни разведка маълумотлари билан ҳам қўллаб-қувватлаб туради, альянсдан ташқарида туриб, уни тўла қуроллантиради. Шу билан биргаликда, Оқ уйдагилар ҳали бу борада қилинадиган ишлар кўп эканини айтишмоқда.

Танқидчиларни шунингдек, ташкилот аъзолари ҳам шубҳага солмоқда. Масалан, унга Туркия ёки Қатар жалб этилиши араб дунёсидаги энг йирик армияга эга бўлган Мисрнинг ижобий реакциясига олиб келмаслиги тахмин қилинмоқда.

Шу билан биргаликда халқаро кузатувчилар ишонч билдиришича, суннийлар ташкилотининг асосий вазифаси террорзимга қарши кураш эмас, Эроннинг Сурия, Ироқ ва Ямандаги таъсирини кенгайтиришига қарши туришдир. Экспертларнинг ҳисоблашича, бундай йирик ҳарбий тузилма шиаларнинг ҳам жиддий эътирозига сабаб бўлади ва келгусида вайронкор урушларни келтириб чиқариши мумкин.

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 28221 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 15048 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 56153 Жамият
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Украина банки сабаб ярим миллион долларсиз қолди
Пекин Вашингтонни Хитой компанияларга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди
00:40 1085 Жаҳон
Reuters: АҚШ Мисрга ҳарбий ёрдам бермайдиган бўлди
00:34 961 Жаҳон
Эндиликда бутун маҳалла эмас, фақат қарздор истеъмолчи электр энергиядан маҳрум қилинади
00:23 3465 Жамият
Германияда Трамп боши шаклидаги гиёҳванд моддали таблеткалар аниқланди
00:21 951 Жаҳон
Сербия Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун визани бекор қилди
00:18 889 Жаҳон
Суриянинг Хама вилоятига ҳаводан зарба берилиши оқибатида 50 киши ҳалок бўлди
00:06 1196 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар