«Бавария» жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти шогирдларини Бундеслигадаги ғолиблик билан табриклаб, Филипп Лам ҳамда Хаби Алонсо фаолиятни якунлагани муносабати билан фикрларини билдириб ўтди. У шунингдек, ғалабани нишонлаш вақтида баъзи футболчилари уни пивога чўмилтиргани учун қасос олишга ваъда берган.

«Бу Алонсо, Лам ва бошқа ҳамма футболчилар учун ҳиссиётларга тўла кеча бўлди. Мен бу икки футболчига миннатдорчилик билдиришни истардим. Улар фантастик мавсум ўтказишди, улар фантастик кечган фаолиятларини якунлашмоқда, энди уларга муносиб издошлар топишимиз керак», — дея италиялик мутахассиснинг сўзларини келтирган Goal.

У шунингдек, байрам вақтида уюштирилган пивога чўмилтириш маросимини эслаб ўтган.

«Бу ҳақиқий хурсандчилик бўлди. Мен шундай бўлишини билардим, қайси футболчилар мени чўмилтиришга тайёрланганини ҳам. Бу фақат Арьен Роббеннинг иши эмас. Мен уларга мавсумлар оралиғида катта қийинчиликлар тақдим этиб, жавоб қайтараман», — дея ҳазиломуз фикр билдириб ўтган Анчелотти.

Германия чемпионатининг 34-турида«Фрайбург»га қарши кечган учрашув «Бавария»нинг икки футболчиси - Филипп Лам ва Хаби Алонсо учун профессионал футболдаги охирги учрашув бўлиб қолди.