Apple раҳбари Тим Кук Apple Watch соатлари билан бирга ишлайдиган қондаги қанд мидорини ўлчовчи глюкометр прототипини шахсан ўзида синовдан ўтказишни бошлади. Бу ҳақда CNBC нашри ўз манбасига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилди.

Нашр манбасининг маълумотларига кўра, Кук Apple Watch учун глюкометр прототипи билан Apple кампусида юради. Манба янги қурилманинг қўрсаткичларини ошкор қилмаган.

Нашрнинг таъкидлашича, Apple компаниясида диабетиклар учун жуда муҳим қурилма – қондаги қанд миқдорини доимий кузатувчи трекер устида ишлайдиган алоҳида ходимлар жамоаси мавжуд. Ушбу трекер шуниси билан ажралиб турадики, унинг ишлаши учун фойдаланувчининг тери остига кириш талаб қилинмайди (замонавий глюкометрлар эса тери остига кириш билан ишлайди). Маълум қилинишича, корпорация прототипларнинг тиббий тадқиқотини ўтказмоқда. 

2017 йилда Кук Глазго университети талабалари олдида сўзлаган нутқида қондаги қанд миқдорини ўлчаш муҳимлиги ва кунига бир неча маротаба қон миқдорини ўлчашга тўғри келадиган қанд касалига учраган беморлар муаммолари ҳақида сўзлаган. Ўшанда Кук бир неча ҳафта давомида глюкометрдан фойдалангани ва натижада қондаги қанд миқдорини мувозанатлаш учун ўз овқатланиш тартибини ўзгартирганини маълум қилган.