21 май куни Дубай полицияси сафига биринчи робот-полициячи расман қўшилди, деб хабар берди  Arabian Business нашри.

Роботнинг бўйи – 170 см, оғирлиги – 100 кг. У 1,5 метр масофадан имо-ишоралар ва қўл орқали сигналларни таний оладиган "ҳис-туйғулар детектори" билан таъминланган. Шунингдек, у суҳбатдошининг ҳис-туйғулари ва юз ифодасини тушуна олади.

Кўчаларда патруллик қилаётганда, робот полиция ходимларига қоидабузарларни топишга ёрдам беради ҳамда тегишли видеотасвирни тақдим этади. Дубай полициясида маълум қилишларича, робот кўчаларда, жамоат жойларида одамларга ёрдам беришга ҳамда жиноятчилик билан курашишга ва шаҳар хавфсизлигига жавоб беришга мўлжалланган.

Робот ўзига ўрнатилган навигатор эвазига турган жойининг йўналишини аниқлаш қобилиятига эга ҳамда 6 тилда, жумладан инглиз ва араб тилларида мулоқот қила олади. Шунингдек, аҳоли полиция хизматлари тўловларини робот орқали тўлаш имкониятига эга.