Венесуэла пойтахти Каракас ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида 20 май куни мухолифатнинг навбатдаги оммавий намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, пойтахтда ўтган намойишда бир неча юз минг киши иштирок этган. Бу акция Венесуэлада деярли 2 ой аввал бошланган норозилик акцияларидан энг йириги бўлди. "Франс Пресс" ахборот агентлигининг маълум қилишича, акцияда 160 мингдан кўпроқ одам иштирок этган.   

"50 кун ва 50 нафар қурбон.  Ҳеч нарсага қарамасдан, 50-кунда, кучайган тазйиқларга қарамасдан, Венесуэла учун янада кучлироқ кураш кузатилмоқда", деб айтган мухолифат етакчиси Энрике Каприлес.

Намойиш вақтида енгил автомобиль ҳайдовчиси намойишчилар устига ҳайдаб, уларни босиб кетган. Бу ҳақда Nacional портали хабар бермоқда.

Гувоҳларнинг маълумотларига кўра, воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган  ҳайдовчи камида 5 кишини уриб кетган. Намойишчилар бунга жавобан машинанинг ойнасини синдиришга улгуришган. Бир нафар жароҳатланган шифохонага етказилган. 

Каракасдаги намойишлар вақтида шунингдек полиция томондан Миллий ассамблея депутати Рафаэль Гусман калтакланган. Nacional маълумотларига кўра, у балоғатга етмаган намойишчининг ушланишига халақит қилмоқчи  бўлганда унга 10 га яқин полициячи ташланиб, каска ва қалқонлари билан дўппослаб кетишган.