21 май куни Тошкент шаҳрига россиялик аралаш жанг санъати (ММА) жангчиси Ҳабиб Нурмагомедов ва унинг дўстлари: Зубайр Тухугов, Ислам Махачев, Абубакр Нурмагомедов ва Ислам Мамедовлар (булар ҳам жангчи) ташриф буюрди ва улар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур матбуот анжумани UZREPORT TV орқали жонли тарзда эфирга узатилди. 

Матбуот анжуманини спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев олиб борди. Ҳабиб Нурмагомедовга қизиқарли саволлар берилди ва ҳудди шундай қизиқарли жавоблар олинди.

Саволлардан бири унинг соғлиғи ва машғулотларни қачон бошлаши ҳақида бўлди. “Айни дамда мен ҳеч қандай машғулотлар олиб бормаяпман. Чунки менга ҳордиқ керак, бунинг устига саломатлигимни ҳам тиклаб олишим зарур. 1 июндан жамоавий машғулотлар бошланади ва биз тоққа чиқиб кетамиз. Аммо Рамазон ойи муносабати билан машғулотлар вақтига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ифторга икки соат қолганда машғулотларни бошлаймиз, ҳудди шундай сахарликка икки соат қолганида ҳам машқларни ўтказамиз. Рамазондан кейин эса юз фоиз машғулотларга қайтаман”.

Айнан ким билан рингга кўтарилишни истаётгани ҳақида берилган саволга Нурмагомедов шундай жавоб қайтарди: “Аралаш жанг санъатида енгил вазн тоифасида урушадиган жангчилар кўп. Лекин мен Тони Фергюссон билан рингга кўтарилишни истар эдим. Ҳозирча жанг қилгани бу вазн тоифасида бирорта рақиб кўрмаяпман”.

Спортчига психолог керакми? Бу саволга Ҳабиб Нурмагомедов қуйидагича жавоб берди: “Психология ҳар бир спортчига керак бўладиган нарса. Руҳий барқарорлик бўлмаса, бу спортчи учун, айниқса, бизнинг спорт турида жуда кўп қийинчиликлар туғдиради. Менимча, спортчининг ўзи авваламбор руҳан соғлом бўлиши керак. UFC жангчиларининг аксарида шахсий психолог бор, аммо менда у йўқ. Чунки ёнимда ака-укаларим, қадрдон дўстларим бор. Ҳаётда менга энг катта руҳий далдани отам берадилар. Чунки у киши менга ҳам ота, ҳам дўст, ҳам мураббийимдир. Менинг психологик тушунчам шундан иборат: Яратганнинг тақдирига бўйсўниш. Унинг иродасидан ўзга нарса бўлмайди. Қандайдир иш бошласам унга таваккал қиламан, агар ўша иш ўхшамаса, “алҳамдулиллаҳ” деб қўя қоламан”.

У суҳбат давомида ёш спортчилар учун энг зарур бўлган учта жиҳатни санаб ўтди. 1. Мураббийга доимий равишда қулоқ солиш. 2. Тинимсиз машғулотлар ўтказиш. 3. Сабрли бўлиш.

Ҳабиб Нурмагомедов Мейвезер ва МакГрегор ўртасида бўлиб ўтиши режалаштирилган жанг хусусида тўхталар экан шундай деди: “Менимча, бу икки спортчи ўртасидаги жанг йил якунида, декабрь ойида бўлиб ўтса керак. Лекин ҳайрон қоларли тарафи шундаки, бокс сирларидан бехабар киши, минг у жангчи бўлган тақдирда ҳам, сайёранинг энг кучли боксчисига қарши рингга чиқиши жуда ҳайратланарли. Катта маблағ айланган жойда спорт тугаб, сиёсат, бизнес бошланади. Бу менинг фикрим”.

Матбуот анжуманида, шунингдек, бошқа жангчиларга ҳам саволлар берилди ва жавоб олинди. Ушбу матбуот анжумани ҳазилларга, кутилмаган ҳолатларга бой бўлди. Масалан, Ҳабиб Нурмагомедов дўсти Зубайр Тухуговнинг рус тилида яхши гапира олмаслиги айтиб ҳазил қилди. Ташриф буюрганлар орасида ушбу жангчиларнинг ашаддий мухлиси улар билан чиқиб кўришди ва кўз ёшларини тийиб тура олмади. Ҳабиб Нурмагомедовнинг шахсан ўзи унга ўз футболкаларидан бирини ҳадя этди.

Тошкентга меҳмон бўлиб турган жангчилар Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларида бўлишлари, Самарқанд, Бухоро ва Хивага ташриф буюришлари кутилмоқда.