«Сток Сити» ҳужумчиси Питер Крауч АПЛда бош билан 50та гол урган илк футболчига айланди.

У ушбу рекордни 38-тур доирасида «Саутҳемптон»га қарши кечган учрашувда қайд этди. Краучнинг голи «Сток Сити»га 1:0 ҳисобида ғалаба келтирди.

«Муваффақиятга эришиш учун футболчи тезкор бўлиши керак. Аммо мен ҳеч қачон тезлигим билан мақтана олмаганман. Лекин менда бошқа бир афзалликларим бор, бу менинг бўйим баландлиги ва бош билан яхши ўйнашим. Мен бу афзалликларим йўқ бўлади деб ўйламайман», — дея англиялик футболчининг сўзларини келтирган Goal.

«Сток Сити» мавсум якунларига кўра АПЛда 13-ўринни эгаллади, Крауч эса 27 учрашувда майдонга тушиб, 7 гол урди ва 2 голли узатма муаллифи бўлди.

У «Саутҳемптон» билан ўйиндан кейин ўйинга сузиш кийимида келган мухлис олдига бориб, футболкасини унга совға қилган ва у билан суратга тушган.

Daily Mail хабарида ёзилишича, Тайрон Сидли исм-шарифли бу шахс ўйиндан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқ орқали Питер Краучдан Саутҳемптондаги «Сент-Мэри» стадионига сузиш кийимида борса, футболкасини беришини сўрайди. Футболчи бунга розилик билдиради. У ўйин вақтида бу мухлисни пайқайди ва ўйиндан кейин ваъдаси бўйича унинг олдига боради.