«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике Испания примерасининг 38-тури доирасидаги «Эйбар» билан ўйиндаги ғалаба ҳақида ўз фикрини билдирди ва «Реал»ни чемпионлик билан табриклади. «Эйбар»га қарши баҳс Барселонадаги «Камп Ноу» стадионида бўлиб ўтди ҳамда 4:2 ҳисобида якунланди.

«Жамоани нимададир айблашдан йироқман, кимдир бизни танқид қилади, деб ҳам ўйламайман. „Барселона“га барқарорлик етишмаганини тушунмоқдамиз. Эсимда бор, клуб мавсум аввалида уй учрашувларида кўп очко йўқотди. Вазиятни ўнглаш учун охиригача ҳаракат қилдик, бироқ буни уддалай олмадик. „Реал“ чемпион бўлди, ҳамда мен бунга ҳеч нарса қўшимча қила олмайман, шунчаки уларни табриклайман. Бизга кўп нарса боғлиқ эмасди, аммо охиригача курашдик.

Мухлисларга катта раҳмат. Бу ерда бир неча йилни ўтказганимдан жуда бахтлиман", - дея айтиб ўтди Энрике Barça TV’га берган интервьюсида.

Бундан ташқари, «Барселона» жамоасининг ўзи ҳам «Реал»ни Испания чемпионатидаги ғалаба билан табриклади.

«Мадриднинг „Реал“ жамоасини Испания чемпионатининг 2016/2017 йилги мавсумидаги ғалаба билан табриклаймиз», - дейилган Каталония клубининг «твиттер»ида.

«Реал» Примерани ютиш бўйича рекорд кўрсаткични қайд этди - 33 марта, «Барселона»да эса 24 та соврин бор. Мадрид клуби Испания чемпионатида 2011/2012 йилги мавсумдан бери ғолиб чиқмаганди.