2017 йил июнь ойининг биринчи ярмида (5-16 июн кунлари) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан республиканинг барча ҳудудларида касб-ҳунар коллежи ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес ғояларини саралаш “startup хафталиклари” – инновацион ғоялар танлови ўтказилади. Бу ҳақда Кун.uz’га Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирларда марказий ва маҳаллий давлат органлари, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси вакиллари ва инвесторлар республикадаги касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларига ўз бизнесларини бошлари учун молиявий кўмак ҳамда ахборот-маслаҳат бериш мақсадида жалб этиладилар.

Тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларидаги олий таълим муассасалари ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.

“Startup хафталиклари” мобайнида битирувчилар томонидан тижорат банклари ҳамда салоҳиятли инвесторлар, давлат ҳокимияти органлари вакилларига ўз лойиҳаларини намойиш этишлари ва ўз бизнесларини бошлари учун барча шароит ҳамда имкониятлар яратиб берилади.

Бундан ташқари, тадбирлар мобайнида танлаб олинган лойиҳалар асосида бизнес ғоя ташаббускорлари тижорат банклари ва салоҳиятли инвесторлар билан уларни молиялаштириш ва шартномалар тузиш учун ишчи учрашувлар ўтказадилар. Шунингдек, энг яхши лойиҳалар ташаббускорларига тадбир ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда сертификатлар топширилади.

Тадбирда иштирок этиш истагида бўлган битирувчилар лойиҳанинг қисқача таърифи ва ҳал этиладиган ижтимоий-иқтисодий муаммолар (вазифалар), лойиҳанинг мақсади, фойдаланувчилар аудиторияси (мижозлар), лойиҳанинг қиймати (ўз маблағлари, тижорат бинклари кредитлари, инвесторлар маблағлари), амалга ошириш муддатлари, лойиҳани амалга ошириш натижасида яратиладиган иш ўринлари ва бошқа маълумотлар асосида лойиҳа паспортини тақдим этадилар.

Тадбир якунига кўра битирувчиларнинг “startup” лойиҳаларини амалга оширилиши ва молиялаштирилиши мониторинги бўйича мақсадли дастур ишлаб чиқилади. Тадбирлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни ҳамда тадбирда иштирок этиш шартларини biznes.mehnat.uz веб-саҳифасидан олиш мумкин.