Таниши Аҳмаджоннинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) томорқа олиш илинжида юргани қирқ тўрт ёшга кирган Баҳром Холтожиевнинг қулоғига чалинди-ю, кўчасидаги бўш турган ўн сотих ер майдонини пуллаш режаси туғилди. “Пул зарур бўлиб қолди, томорқамни сотмоқчиман”, дея Аҳмаджонга ўша ерни кўрсатди. У билан савдолашиб, 3750 АҚШ долларига сотишга рози бўлди. Собиқ ширкат хўжалигининг бош ҳисобчиси О.Абдусатторовни “йўлга солиб”, ширкат хўжалигининг сохта қарорини тайёрлади. Қарорни Аҳмаджонга бериб, ундан олган пулни бемалол сарфлаб юборди. Чув тушган А.Назаров пулини қайтариб беришни талаб қилди. “Устамон” эса “Ана бераман, мана бераман”, дея уни лақиллатиб юраверди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Қўшни қишлоқ кўчасида Б.Холтожиевнинг кўзи қаровсиз, эски автобусга тушди. “Эҳтиёт қисмлари “ГАЗ 53” юк машинаси билан бир хил. Майдалаб сотиб, яхшигина даромад топса бўлади”, дея хаёлидан ўтказди. Таниши, юк машинаси ҳайдовчиси Баҳриддин билан телефонда боғланди. У, “Ҳа тўғри, запчастлари бир хил, харидоргир”, дегач, Б.Холтожиев ўша ерда турган йигитни гапга солди. “КАВЗ” русумли эскирган, туриб қолган автобус Фарғона шаҳрида яшовчи Э.Сатторовга қарашли эканлигини суриштириб билди. Унинг телефон рақамини сўраб олиб, қўнғироқ қилди. Автобусни сотишни сўраган эди, у рози бўлди. Шундан кейин Б.Холтожиев ҳайдовчи ўртоғи Баҳриддин билан Э.Сатторовнинг уйига борди. Уни авраб, автобусни 6 млн. сўмга сотишга кўндирди. “Пулини икки ой ичида келтириб бераман”, деб ишонтирди. Келаси куни қўшни қишлоқдаги автобусни ўртоғининг “ГАЗ-53” русумли юк машинасида шатакка олиб кетди. Б.Холтожиев автобус эҳтиёт қисмларга ажратиб, Қумтепа бозорида пуллаб юборди. Аммо эгасига пулини бермади.

Жабрланувчилар Б.Холтожиевнинг фириблари ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилишди. Тергов жараёнида фирибгар айбига тўлиқ иқрор бўлди. Э.Сатторовдан кечирим, суддан етказган зарар ўрнини қоплаш учун имкон беришни сўради.

Суд Б.Холтожиев ўзига тегишли бўлмаган ўн сотих ерни жабрланувчи А.Назаровга алдаб сотиб, унга етказган 10 млн. 225 минг сўм зарарни тўлиқ қоплаганини, муқаддам судланмаганини, уч нафар фарзанди борлигини, қилмишидан астойдил пушаймонлигини инобатга олди. Автобус эгаси – жабрланувчи Э.Сатторовга 6 млн. сўм ундирган ҳолда судланувчига 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Суд амнистия қарорига асосан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.