Хива шаҳрининг тарихий-меъморий ва туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси Хоразм вилоятидаги "Нуруллабой" масжидини қайта таъмирдан чиқариш тўғрисида 297-сонли қарор қабул қилди. Унга кўра, қайта таъмирлаш ва қурилиш ишлари Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан амалга оширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига:

  • - 2017 йил 1 сентябргача қурилиш-монтаж ва қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш ишларини ўтказиш билан бир вақтнинг ўзида лойиҳа-смета ҳужжатларини лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқишга;
  • - объектларни қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича харажатларни ижара муддатидаги солиқ ҳисобот даврида чегириладиган харажатлар ҳисобига киритишга;
  • - истисно тариқасида объектларни келгусида учинчи шахсларга субижара шарти билан топширишга рухсат берилсин. 

Маълумот ўрнида: "Нуриллабой" мажмуаси 1893-1904-йиллар оралиғида Хива Хони Муҳаммад Раҳимхон II томонидан ўғли шаҳзода Исфандиёрхон шарафига қурдирилган. Отасининг ўлимидан сўнг Исфандиёрхон хорижлик мехмонларни қабул қилиш учун қўшимча қаср қурдирган. Бу қаср Хивадаги хонлар қароргоҳларидан ўзининг дизайни ва архитектураси билан тубдан фарқ қилади. 

Қаср қурилишида шарқона ва европача услуб уйғунлашган. Барча хоналар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Рус услубидаги камин, катта кенг ойналар ва шарқона услубдаги геометрик нақшлар ва гуллар безалган турфа ранг шифтлар. Қасрнинг баланд эшик ва ойналари немис дурадгорлари томонидан ясалган.