Қўлга тушмаган ўғри эмас. Адлия вазирлиги нотариал соҳадаги юлғичликларни рад этди

Ўзбекистон 22 Май 2017 27255

Бундан икки ой муқаддам Кун.uz сайтида «Жамият» газетасида чоп этилган «Нотариал идорадаги найранглар» номли мақола эълон қилинган эди. Мақолада бугунги кунда давлат нотариал идораларида илдиз отган долзарб муаммолар қаламга олинганини ўқувчиларимиз яхши эслашса керак.

Бугунга қадар қарийб тўқсон минг маротаба ўқилган мазкур мақола ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди, юртдошларимиздан бу борада кўплаб мурожаатлар олдик. Ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар мақолада ёритилган муаммога жуда кўпчилик дуч келганини кўрсатди.

Бироқ «Жамият» газетасининг бош муҳаррири Беҳзод Шукуров фейсбукдаги саҳифасида маълум қилишича, мақолада кўтарилган муаммони Адлия вазирлиги тан олмаган. Шунинг баробарида вазирлик 2016 йил давомида Тошкент шаҳридаги давлат нотариал идоралари ходимларининг 51 нафарига нисбатан ҳайфсан ва жарима тариқасидаги интизомий жазо чоралари қўлланилгани ҳамда 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини ошкор қилган. Аммо жазога нима сабаб бўлгани очиқланмаган. Газетанинг 5 майдаги сонида «Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақолага Адлия вазирлигининг жавобини ва «Жамият» газетаси таҳририятининг унга муносабати эълон қилинган. Қуйида вазирлик эътирози ва таҳририятнинг бунга билдирган жавобини тўлиқ ўқишингиз мумкин.
-----------------------------------
«Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақолага («Жамият» 2017 йил 10 март) Адлия вазирлигининг жавоби
«Жамият» газетасининг 2017 йил 10 март кунги 10-(542)-сонида «Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақола чоп этилган. Ушбу мақолада Тошкент шаҳар Олмазор туман 11-сон давлат нотариал идора ходимлари томонидан 2016 йил 19 октябрда айрим фуқаролардан кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлашда ортиқча пул маблағлари олиб қолинганлиги тилга олинган.

Мазкур ҳолат Адлия вазирлиги ходимлари томонидан Олмазор туман 11-сон давлат нотариал идорасида 2016 йилнинг 19 октябр куни расмийлаштирилган квартирани ижарага бериш ҳамда ундан текин фойдаланиш шартномалари иштирокчиларининг фикр ва мулоҳазалари асосида ўрганилганда, улар томонидан ушбу давлат нотариал идорасида шартномалар қонуний тасдиқланганлиги ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ставкалар бўйича тўловлар ундирилганлиги маълум қилинди.

Мақола муаллифи Ж.Ниёзов иштирокида турар жойдан текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришда мақолада кўрсатилгандай 22466,25 сўм эмас, 29955 сўм, яъни шартнома учун 22466,25 сўм ва мулкдорнинг турмуш ўртоғи розилик аризасини тасдиқлаганлик учун 7488,75 сўм миқдордаги тўловлар ундирилган. Бу эса Ж.Ниёзов томонидан чоп этилган мақолада кўрсатилган фактлар асоссиз маълумотларга таянган ҳолда ёзилганлигидан далолат беради.

Ўрганиш давомида мақолада кўрсатилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик ходимлари томонидан Ж.Ниёзов таклиф қилинганда, у томонидан қўшимча маълумот беришдан бош тортилди.

Ўзбекистон Республикаси «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши ҳамда шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Ушбу Қонуннинг 15-моддасида журналист ўзи тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонуни 11-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси билан оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат, ҳақорат қилиш ва рақобатчини обрўсизлантирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Маълумот ўрнида билдириладики, нотариал ҳаракатлар ҳамда нотариал идора ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан аниқ фактлар бўйича Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия бошқармаларининг «1008» ишонч телефонларига мурожаат қилиниши мумкин.

Бироқ ушбу мақолада келтирилган ҳолатлар Олмазор туман 11-сон давлат нотариал идорасида 2016 йил 19 октябрда юз берганлиги кўрсатилган бўлса-да, бу ҳақда 2017 йил 10 март кунига қадар адлия органларига ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган. Ваҳоланки, Адлия вазирининг виртуал қабулхонаси ҳамда ишонч телефонларига нотариал идоралар фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатлар вазирлик ва ҳудудий адлия бошқармалари томонидан ўрганилиб, ўз тасдиғини топган мурожаатлар бўйича айбдор ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб келмоқда. Жумладан, 2016 йил давомида Тошкент шаҳридаги давлат нотариал идоралари ходимларининг 51 нафарига нисбатан хайфсан ва жарима тариқасидаги интизомий жазо чоралари қўлланилган ҳамда 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида улар томонидан давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан бевосита Адлия вазирлигига ҳамда ҳудудий адлия бошқармаларига ёзма, электрон ёки «Ишонч телефон»лари орқали оғзаки равишда қилинган ҳар қандай эътироз ва шикоятлар унда кўрсатилган ҳолатларни тўлиқ, холисона ҳамда муаллиф иштирокида ўрганиб чиқилиши, натижаси бўйича ходимларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари ўз тасдиғини топган тақдирда уларга нисбатан қатъий чоралар кўришга Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия бошқармалари раҳбарияти доимо тайёрлиги маълум қилинади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига асосан юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Юқоридагиларга кўра, газетанинг 10- (542)-сонида чоп этилган «Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақолада кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли белгиланган тартибда раддия эълон қилишингиз ва натижаси ҳақида вазирликка маълум қилишингиз сўралади.
Вазир ўринбосари Н.Жўраев
-----------------------------------
ТАҲРИРИЯТДАН:
Газетамизнинг 2017 йил 10 март сонида эълон қилинган «Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақола жуда кўп муҳокамалар, мунозараларга сабаб бўлди. Таҳририятимизга қилинган қўнғироқларни айтмайлик, оддий газетхон ёки бошқа соҳа вакилларининг ўзаро учрашув ва жонли мулоқотларда билдирган фикрлари хусусида ҳам индамаймиз. Фақат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган мақолага фойдаланувчилар қолдирган изоҳларга бирров назар ташлашни тавсия этамиз. Ҳақиқий манзарани тасаввур этиш учун шунинг ўзи кифоя, назаримизда. Зеро, мақолада кўтарилган муаммо жиддий, нотариал идора ходимлари фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаётганлар кўп. Акс ҳолда, акс-садо бунчалар катта бўлмас эди.

Мақола кўпларнинг эътирофига, Адлия вазирлигининг эса эътирозига сабаб бўлди. Эътирознинг асосий мазмуни – журналист қаламга олган ҳолат тасдиқланмади, тасдиқланмаган маълумотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш муайян жавобгарликка олиб келади, маъносида огоҳлантиришу («пўписа» дегимиз келмади), пировардида, мақолага нисбатан раддия бериш талабидир.

Мана, юқорида вазирлик эътирозини қандай бўлса шундайлигича ўқидингиз. Эътироз мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, бир гапни таъкидлашни хоҳлар эдик: «мақоладаги ҳолатлар тасдиғини топмади» дейилиши – журналист ҳақиқатдан йироқ маълумотлар тарқатибди, дегани эмас. Журналист битта воқелик мисолида бугунги кунда кўпгина нотариал идоралардаги умумий манзарани кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Ахир, журналист ўзи кўрган, гувоҳи ёки иштирокчиси бўлган воқеа, ҳодиса ҳақида фикр, мулоҳаза билдириш, ўз қарашларини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш ҳуқуқига эга. Бу ерда воқелик қачон содир бўлганию журналист уни қачон қаламга олгани муҳим эмас. Муҳими, нотариал идораларда фуқароларнинг кўп вақти ҳавога совурилаётгани, айрим нотариус ва унинг ёрдамчиларида оддий муомала маданияти етишмаслиги, айниқса, тўланаётган бож ва бошқа чиқимлар қонуний асослантирилган ҳолда тушунтирилмаслиги каби муаммолар ҳамон кўндаланг турибди. Ёки буниям инкор этаверамизми?..

Эътирозда нотариал идора ва ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан аниқ фактлар бўйича мурожаат қилиш учун вазирлик ва ҳудудий адлия бошқармаларининг ишонч телефонлари ишлаб тургани, шундай мурожаатлар натижасида қатор нотариал идора ходимларига тегишли жазо чоралари қўллангани алоҳида таъкидланган. Бу эътиборга лойиқ ҳолат, албатта. Бироқ кўрилаётган бундай чора-тадбирлар нотариал идоралардаги умумий манзарага ижобий таъсир кўрсатяптими, деган ўринли савол туғиладики, масаланинг оғриқли нуқтаси ҳам шунда.

Келинг, тан олайлик: аксарият фуқароларнинг нотариусга иши тушиши ҳамоно пешонаси тиришади?! Нега? Сабаб оддий: нотариусга ишинг тушди дегани, бу аввало, кўп вақтинг ҳавога совурилишини англатади. Бунга асосий сабаб нотариал идораларида (айниқса, пойтахтда) одам кўп бўлишигина эмас. Муаммонинг бир учи нотариусларнинг интизомига ҳам бориб тақалади. Бу мулоҳазаларга дарҳол эътироз билдирилишини сезиб турибмиз: Қаерда? Қани факт? Далил борми? Аслида-ку, бунга «далил»у «факт» қидириш шарт эмас, аксарият нотариал идораларга боринг, манзарага ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Эътирозномада алоҳида қайд этиладики, мақола муаллифи иштирокида турар жойдан текин фойдаланиш шартномаси нотариал тасдиқланиши жараёнида ортиқча тўлов ундирилмаган, барча ҳаракат қонун доирасида амалга оширилган экан… Қўлга тушмаган ўғри эмас, деган гап бор. Шу маънода қўлда аниқ далили йўқ экан, инсон минг ҳақ бўлмасин, хижолатли ҳолатга тушиш эҳтимоли юзага келаверади. Муаллифимиз ҳам айни шундай ҳолатга яқиндай. Бироқ бу ҳол мақола «асоссиз маълумотларга асосан ёзилган» деган мазмунда хулоса чиқаришга асос бўлавермайди.

Қолаверса, журналист мақолани ҳаводан олиб ёзмаган. Эътироздаги мана бу жумлаларга этибор қаратинг:
«Мақола муаллифи Ж.Ниёзов иштирокида тураржойдан текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришда мақолада кўрсатилгандай 22466,25 сўм эмас, 29955 сўм, яъни шартнома учун 22466,25 сўм ва мулкдорнинг турмуш ўртоғи розилик аризасини тасдиқлаганлик учун 7488,75 сўм миқдордаги тўловлар ундирилган. Бу эса, Ж.Ниёзов томонидан чоп этилган мақолада кўрсатилган фактлар асоссиз маълумотларга таянган ҳолда ёзилганлигидан далолат беради»

Вазирликдагилар мақолани яхши ўқимаган кўринади. Чунки мақолада муаллиф кассага қарийб 30 минг (бу эътирозномада айтилган 29955 сўмни англатади) тўлаганини ёзган эди. Ажабланарли жиҳати шундаки, шартномада 14977,5 сўм миқдорида давлат божи, техник тусдаги хизмат учун 7488,75 сўм миқдорида хизмат ҳақи (жами 22466,25 сўм) ундирилгани қайд этилган. Мазкур пулни Ж.Ниёзов пластик карточкасидан тўлаган бўлиб, «Ипотекабанк»нинг Меҳнат филиали томонидан берилган ўша кунги харажатлар ҳақидаги кўчирмага кўра, нотариал идорадаги жамғарма кассада 22466,25 сўмдан ташқари 2995,50 сўм ҳамда 4493,25 сўм ечиб олинган.

Вазирликнинг жавобида мақолада кўрсатилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида журналист Ж.Ниёзов вазирлик ходимлари томонидан таклиф этилганида у томонидан қўшимча маълумот беришдан бош тортилгани айтилади. Аммо шундай вазиятда нега таҳририятга мурожаат этилмаган, деган савол ҳам туғилади.

Нотариал идораларида фуқаролардан ортиқча пул ундириш ҳолати одат тусига айланганини мутлақ рад этиш, жуда юмшоқ айтганда, инсофдан бўлмаса керак. Қолаверса, ортиқча ундирилган пул тўлов патталарида акс эттирилмайдики, соҳа ходимлари яланғоч қўлга тутқич бермаслигининг сабаби ҳам шунда. Шунга қарамай вазиятни хаспўшлаш эса умумтараққиётга хизмат қилмайди. Касални яширишга ҳаракат қилингани билан иситмаси ошкор этаверади. Шу оддий ҳақиқатни унутмасак, бас.

Мана, нотариал идоралари фаолияти билан боғлиқ долзарб муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола этдик. Адлия вазирлиги эса унга эътироз билдирди. Қандай хулоса чиқариш эса зийрак ўқувчининг ҳукмига ҳавола.

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 14483 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 68236 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37118 Lifestyle
"Реал" Испания Суперкубоги соҳиби!
04:08 816 Спорт
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 1065 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1637 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 1661 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Кўпроқ янгиликлар