Бир дақиқаю 38 сония. Испания чемпионатининг охирги турида интрига шунча вақт давом этди. 

Кўп йиллардан буён илк марта Испания чемпионатининг охирги турида амалда интрига қолмаганди. Сегундага равона бўлувчи жамоалар номи олдинроқ маълум бўлган, кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида Испания шарафини ҳимоя қиладиган 4 жамоа номи ҳам маълум, Европа Лигасида ҳам «Вильярреал» билан «Реал Сосьедад» қатнашиши деярли аниқ («Алавес» Қирол кубогида «Барселона» устидан ғалаба қозонсагина «Реал Сосьедад» ўрнини эгаллайди).

Ягона интрига чемпионлик бўйича эди.

«Реал» охирги тур арафасида 90 очко тўплаб турганди, «Барселона»да 87 очко. Кўк-анорранглилар чемпион бўлиши учун ўз майдонида «Эйбар»ни мағлуб этиши ҳамда «Реал» сафарда «Малага»га ютқазиши талаб этиларди.

Фантастик сценарийлар бўлмади. «Реал»га қарши ўйинга қадар ўз майдонида кетма-кет 4 марта ғалаба қайд этган, «Барселона» (2:0) ва «Севилья» (4:2) жамоаларига имкон қолдирмаган Мичел Гонсалес шогирдлари илк дақиқаларданоқ гол ўтказиб юборди. Криштиану Роналдуни қўриқлаши керак бўлган ҳимоячилар чалғишди ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган португалиялик футболчи Исконинг пасини голга айлантирди ҳамда жамоа кейинги 5 йилликдаги илк чемионлик томон жуда яқинлашди. Зеро, Зидан шогирдлари бу мавсумда ҳисобни сақлаб қолиш ҳадисини олганликларини кўп марта намойиш этиб беришганди. 55-дақиқада барчаси аён бўлди, Карим Бензема иккинчи голни урди ва ўйинни ҳал қилди.

«Реал» ўз ўйинида ҳужумкор ўйин кўрсатди ва параллел учрашувда ҳакамлардан азият чекаётган «Эйбар»ни ҳакамларга қўшилиб азоблаётган «Барселона»га имкон қолдирмади. «Эйбар»га қарши ўйинда аввалига 2та гол қўйиб юборган каталонлар якунда Мессининг дубли билан 4:2 ҳисобида ғалабага эришди ва жамоа мавсумни иккинчи ўринда якунлади. Жамоага таскин берувчи жиҳат: Лионель Месси 37 гол билан Испания чемпионати тўпурари бўлди. Иккинчи ўринда жамоанинг бошқа бир ҳужумчиси Суарес - 28 гол. Роналду эса учинчи бўлди - 25 гол.

«Реал» Испанияда охирги марта 2011/12 йилги мавсумда чемпион бўлганди. Ўшанда жамоани Жозе Моуриньо бошқарган. Португалиялик мураббий кейинги мавсумда ҳам жамоани бошқарган, аммо натижага эриша олмаган ва лавозимни тарк этган. Ундан кейин Карло Анчелотти титул олишга ҳаракат қилган, аммо у ўзига берилган икки йиллик муддатда имкондан фойдалана олмаган. Уни Рафаэль Бенитес алмаштирди, аммо у ярим йилда ишдан бўшатилди. Унинг ўрнига вақтинчаликка тайинланган Зидан илк мавсумдаёқ примерада муносиб иштирок этди ва Чемпионлар лигасида ғалабага эришди.

«Реал»нинг чемпионлик голи рақиб хатосидан фойдаланган ҳолда урилди, бу ўзига хос рамзий маънога эга. Иккинчи гол ҳам рамзий характерга эга. Бенземанинг голи стандарт вазиятдан кейин урилди. Мадридликлар жамоаси – Европада стандарт вазиятлар орқали энг кўп гол урган жамоа бўлди. Голларнинг 32 фоизи – бу «Ювентус» ва «Атлетико»нинг кўрсаткичидан ҳам яхшироқ.

«Реал»нинг мавсумдаги ўйинларини характерлаш учун охирги турда яна бир ҳодиса рўй бериши керак эди: охирги 10 дақиқада гол уриш. Зеро, «Реал» охирги дақиқаларда кўп гол уриш бўйича бешлик чемпионатларида бешликда.

Чемпионлик голини Роналду урди. Бу ҳам рамзий. Португалиялик футболчи бу мавсумда аввалгиларига нисбатан камроқ, шу билан биргаликда муҳимроқ голларни урди. ЕЧЛ плей-оффидаги ҳал қилувчи голлар, «Севилья» ва «Сельта» билан ўйинларда очко олиб келган голлар. Зидан Роналдуни «Реал»да ҳамма ўйинга ҳам туширмади ва муҳим ўйинларда самарали фойдаланди, футболчининг ўзи бироз олдинроқ айтиб ўтганидек, у ўзини мураббий маслаҳати билан мавсум охирига асради.

«Реал» ўз тарихида илк бор Примеранинг барча ўйинида, 38 ўйинида ҳам гол урди. Шунингдек, жамоа қаторасига 64 ўйинда майдонни голсиз тарк этмади ва бу ҳам рекорд натижа. Энди навбатда Чемпионлар лигасига.

«Малага» ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатди. Бу «Реал» учун Чемпионлар лигаси финалида «Ювентус»га қарши ўйин олдидан муҳим эди.

«Малага» футболчилари «Реал» дарвозасига 16 марта зарба берди. Шундан 8таси бош билан. 4таси позицион ҳужумдан кейин. Шундай хулоса келиб чиқмоқдаки, «Реал»нинг қанот ҳимоячилари рақибнинг қанотлардан пас узатишига қаршилик қила олмаяпти.

«Реал» бу тажрибадан ўтгани яхши бўлди, зеро «Ювентус» ҳам қанотлардан ҳужум қилишни ёқтиради ва бундай вазиятлардан гол урадиган кўплаб футболчилари бор. Энди Зидан бу борада яхшилаб ишлаши керак бўлади.

Зидан нима қилиши мумкин? Энг кутилган чора - рақибни қанотларда бўғиб қўйиш. Бунинг учун ҳимоявий 4-5-1 схемасини қўллаш мумкин. «Атлетико»га қарши ярим финал учрашувларида «Реал» шундай схемада ўйнаганди.

Чемпионатдаги ғалаба ҳали мўъжиза эмас – бу нормал ҳолат, буни футболчиларнинг юзида пайқаш мумкин эди. Бу Зиданнинг олиб борган ишлари маҳсули. Ҳар бир ўйин — бу финал (ундан иқтибос). Яна бир финал қолди.