Австралиялик кўчмас мулк магнати илк шахсий квадрат метрига етишишни истовчи ёшларга авокадо ва қаҳвага пул сарфлашни бас қилишни маслаҳат берди. InsiderPro шу ҳақдаги маълумоти билан бўлишди

"Мен уйга пул йиғган дамларим 15 долларлик авокадоли булочка ва 4 долларлик қаҳвадан воз кечганман", - дея сўзлайди бугунги кунда банкдаги ҳисоб рақами ярим миллиард доллардан ортувчи Тим Гарнер.

Мультимиллионер ўзининг кўчмас мулк сармоячиси карьерасини 2001 йилда бошлаган: ўшанда у бобосидан қарз сўраб, 34 минг долларга Мельбурнда спорт зали харид қилган. 2015 йилда у Gurner компаниясига асос солган. Бугунги кунда Гарнер 3,8 миллиард долларлик активларга эгалик қилади. 

Гарнернинг сўзларига кўра, муваффақиятга эришиш учун анча тер тўкишига тўғри келган. 

"Мен ўзимнинг илк бизнесимга 19 ёшда асос солганман. Тонг соат 6:00да спорт залига йўл олишдан бошланар эди. Ишларимни эса 22:30да якунлардим. Биринчи шахсий уйимни қўлга киритгунга қадар ҳар куни шу режимда яшаганман", - дейди у.

Миллионер замонамиз ёшлари нореал умид уйғотувчи  турли реалити-шоуларга ҳаддан зиёд қизиқади, деб ҳисоблайди. 

"Миллениаллар авлоди Кардашьян оиласи ҳаётини кузатади ва Bentley иштиёқида яшашни меъёр деб ўйлайди. Улар ҳар куни мазали таом егиси ва йилда бир марта Европага саёҳат қилишни истайди", - дейди у. 

Гарнер ўтган авлоднинг бундай нарсалар ҳақида ўйламагани, бунинг ўрнига тинимсиз меҳнат қилганига диққатни қаратади.

"Бугун ўз уйига эга кишилар тинмай меҳнат қилишган ва ҳар бир долларни тежашган. Улар кўчмас мулкни қўлга киритиш учун имкон борича ҳаракат қилишган", - дея таъкидлайди Гарнер.