Nikkei: Япония АҚШдан Aegis Ashore РҚМ тўпламларини харид қилмоқчи

Жаҳон 22 Май 2017 2725
Фото: Reuters

Япония ҳукумати АҚШдан ракеталарга қарши Aegis Ashore мудофаа тизимларини харид қилишни режалаштирмоқда. У мамлакат ҳарбий-денгиз кучларининг 6та ракетали эсминецлари жиҳозланган Aegis тўпламларининг қуруқликка ўрнатиладиган намуналаридир. Расман бу ҳақда шу йилнинг ёзида қарор қабул қилинади, деб ёзмоқда Nikkei газетаси.

Aegis Ashore тўпламларини сотиб олиш учун 80 млрд иен (717,5 млн доллар)га яқин маблағ ажратиш режалаштирилган. Маблағлар 2018 йилги давлат бюджетига киритилади, бироқ уларни амалда жойлаштириш учун 5 йилдан кўп вақт талаб этилади. 

Aegis Ashore – кўпфункцияли жанговар кузатув ва йўллаш ахборот-бошқарув тизими бўлиб, Япония учун ишлаб чиқилган намунасида SM-3 ракеталарини бошқаради. Улар рақибнинг баллистик ракеталарини парвозининг ўрта қисмида, атмосферадан ташқарида уриб туширишга мўлжалланган. 

Айни вақтда, Япония ва АҚШ биргаликда ушбу ракетанинг янги намунасининг лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Улар сезиларли равишда узоқроққа уча олади ва нишонни аниқроқ мўлжалга олади. Nikkei нашрига кўра, Японияга ўз ҳудудини мудофаа қилиш учун иккита Aegis Ashore тўплами етарлидир. 

Токио даставвал Американинг THAAD РҚМ тизимларини харид қилишни режалаштирган эди, бироқ кейинчалик, уларнинг жуда ҳам қимматлиги сабабли бу ғояни тарк этишди. Айни вақтда, Япония ихтиёрида Aegis тизимли кемалардан ташқари қуруқликдаги Patriot PAC-3 РҚМ қурилмаларига ҳам эга.

Кўпроқ янгиликлар