Суриянинг Хомс вилояти маркази шимолидаги Ал-Ваер шаҳарчасини ҳудудий ярашув келишуви доирасида жангариларнинг охирги гуруҳи тарк этди, деб хабар бермоқда SANA ахборот агентлиги. 

Шу тариқа, шаҳар тўлиқ Сурия армияси назоратига ўтди. Жангариларни олиб кетаётган охирги автобуслар карвони Жараблус томон йўл олган.

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 989 киши, жумладан 308 жангари автобусларда Жараблусга юборилган. Яна 463 киши, жумладан 151 жангари Идлибга юборилган.  

Сурия полицияси зобитининг айтишича, энди шаҳарда фақат ўз уйларини тарк этишни истамаган тинч аҳоли қолган.

"Мавзега сапёрлар киргандан кейин ОАВ вакилларига охирги озод қилинган мавзени кўришлари учун рухсат бериш ҳақидаги қарор қабул қилинади", деб айтди у.

Сурия ҳукумат қўшинлари вакилларининг таъкидлашича, жангарилар шаҳардан чиқиб кетиши биланоқ шаҳарнинг шимолий ҳудудларида мавзеларни озод қилиш бўйича операциялар бошланди. Ҳарбийларнинг фикрича, жангарилар ўз ортларидан Ҳалабдаги каби кўплаб миналаштирилган объектлар қолдириши мумкин.

Эвакуациянинг 11-босқичида 2,5 мингдан кўпроқ киши, жумладан 700 жангари шаҳардан чиқиб кетган. Эвакуация  ҳеч қандай талофатларсиз ўтган. Эвакуациянинг аввалги 10 босқичида Ал-Ваэр шаҳрини 17 минг киши, жумладан 3,69 мингдан кўпроқ жангари тарк этган.