Кўплаб давлатлар ҳануз «тинч атом»нинг афзалликларидан воз кечишга иккиланиб турган бир пайтда, швейцарияликлар ўз давлати равнақи учун муҳим қадамни босишга муваффақ бўлишди.

Яқинда ўтказилган сўровларда швейцарияликларнинг аксарияти муқобил энергия манбаларини ривожлантириш учун давлат ядро дастурини тугатишни ёқлаб овоз беришди. Швейцария айни пайтда ўзида мавжуд бешта атом электр станциясидан жами сарфлаётган энергиясининг учдан бир қисмини олади. Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) статистикасига ишонадиган бўлсак, бугунги кунда жаҳонда жами 450 та ядро реактори фаолият кўрсатмоқда ва у умумжаҳон энергия истеъмолининг бор-йўғи 3 фоизинигина қоплайди.

Ядро энергетикасидан воз кечиш Швейцария учун осон бўлмайди, чунки мамлакат табиий ресурсларга асло бой эмас. Айни пайтда давлатнинг истеъмол қилаётган энергиясининг катта қисмини (60 фоизини) гидроэлектростанциялар қопламоқда. Муқобил манбалар эса ҳозирча энергиянинг умумий ҳажмидан 8 фоизини ишлаб чиқаришда ёрдам бермоқда. 

2011 йилда — Япониянинг «Фукушима-1» реакторида уч энергия блокининг эришига сабаб бўлган фалокат юз бергач, Швейцарияда ҳам ядро энергетикасидан воз кечиш ҳақида гап-сўзлар урчиб қолган эди. Японлар бу даҳшатли фалокат оқибатларини қандай бартараф этишни ҳанузгача билишмаяпти. Швейцарияликлар воқеанинг бундай тус олиш эҳтимолидан жуда қўрқиб қолишган, шу сабабли сўровда қатнашганларнинг 58 фоизи ядро энергетикаси қурилмаларидан фойдаланишни бас қилишни ёқлаб овоз беришди.

Энергетиканинг ядро секторини қисқартириш дастури 2018 йилнинг январидан бошланиши мўлжалланмоқда. Бир неча йиллардан буён атроф-муҳит муҳофазаси учун ўз қонун лойиҳаларини илгари суриб келган Яшиллар партияси вакиллари Швейцария фуқароларининг бу қароридан айниқса хурсанд бўлишди. Ядро реакторларидан воз кечишга қарши бўлганлар эса, аксинча, мўлжални бу қадар кескин ўзгартириш мамлакат иқтисодиётини ларзага солишини айтиб келишмоқда. Олимлар ҳам ушбу масала юзасидан ўз позициясига эга. Улардан баъзилари экологик тозалик ва самарадорлик нуқтаи назаридан муқобил энергия манбалари ядро энергиясидан яхшироқ эмас, баъзи ўринларда унга ютқазади ҳам, дея ҳисобламоқда.