Трамп ва Саудия Арабистони қироли экстремизмга қарши курашиш марказини очишди

Жаҳон 22 Май 2017 3063
Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд 21 май кечки пайт Ар-Риёдда Экстремистик мафкурага қарши курашиш халқаро марказини (The Global Center for Combating Extremist Ideology, GCCEI) очишди. Бу марказ замонавий технологиялар ёрдамида экстремизмга қарши курашади, деб хабар бермоқда "Аль-Арабия" телеканали. 

Жумладан, телеканал маълумотларига кўра, Ар-Риёддаги марказ террорчиларнинг интернетдаги фаолияти, экстремизм тарғиботи ва террорчилик ташкилотига эргашувчиларнинг ёлланишини кузатади ҳамда диний таълимот ва осойишта яшаш кераклиги ҳақидаги электрон номалар орқали экстремистик мафкурага қарши курашади.   

АҚШ, араб ва мусулмон давлатлари етакчилари Саудия Арабистони пойтахтида ўтган саммитда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан террорчиликнинг барча кўринишларига қарши курашиш зарурлигини тасдиқлашди ва террорчиликдан биринчи навбатда мусулмонлар жабр кўраётганини таъкидлаб ўтишди.  

Трамп Саудия Арабистонига сафари давомида қирол Салмонни АҚШга келишга таклф этди. Бу ҳақда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр маълум қилди. 

Трамп ўзининг илк хорижий турнеси давомида 20 май куни биринчи бўлиб Саудия Арабистонига келди. Трамп бу мамлакат етакчилари билан икки томонлама учрашувлардан ташқари, 6 та араб қиролликлари раҳбарлари ҳамда араб ва мусулмон давлатлари етакчилари иштирокидаги иккита саммитда иштирок этди.

Кўпроқ янгиликлар