23 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентга ташриф буюрган Европа парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси делегациясини қабул қилди. Делегация таркибидан депутатлар Йозеф Вайденҳолзер (Австрия), Клаус Бухнер ва Йоахим Зеллер (Германия) ўрин олган.

Европа депутатлари ташрифи дастуридан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўрин олган.

ТИВда бўлиб ўтган суҳбат давомида Европарламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси кун тартибига кирувчи соҳаларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма кичик қўмита ва Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотнинг алоҳида механизмининг Ўзбекистон-Европа Иттифоқи шаклидаги мунтазам мажлислари ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан тизимли ва конструктив асосда фикр алмашиш имконини яратади.

Депутатлар илтимосига биноан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида Европа томонига маълумот берилди. Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган изчил ҳаракатлар ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланиши таъкидланди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Суҳбатда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси бошлиғи, элчи Эдуардс Стипрайс иштирок этди.