"Рок-н-ролл қироли", афсонавий қўшиқчи Элвис Преслининг шахсий самолёти 27 май куни АҚШдаги аукционда сотилади.

GWS Auctions аукцион уйининг маълум қилишича, гап 1962 йилда ишлаб чиқарилган Lockheed Jetstar модели ҳақида кетмоқда. Самолётнинг қўшиқчининг буюртмаси билан яратилган ички безаклари: тилларангдаги ёғоч панеллари, қизил бахмал ўриндиқлари ва қизил момиқ гилами сақлаб қолинган.

Аукцион ташкилотчиларининг айтишича, самолётнинг тўлиқ реставрация қилиниши имконияти бор. Самолётда хусусан двигателлар етишмайди. Унинг дастлабки нархи 2 млн дан 3,5 млн долларгачани ташкил қилмоқда. Самолёт 30 йилдан кўпроқ ишлатилмаган ва бу вақт давомида Нью-Мексико штатидаги аэродромлардан бирида турган.

"Бу самолёт ўзининг янги эгасига кўргазма экспонати ёки пуллик аттракцион сифатида миллионлаб долларлар келтириши мумкин", дейилган хабарда.

Пресли 1977 йилда 42 ёшида вафот этган ва ҳанузгача дунёдаги энг машҳур қўшиқчилардан бири саналади.