АҚШ Украинага бепул ҳарбий ёрдамни бекор қилиши тасдиқланди

Жаҳон 23 Май 2017 5109
Фото: AFP

Америка Қўшма Штатлари қатор мамлакатлар, жумладан, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш принципларини ҳақиқатдан ҳам ўзгартириш ниятида. РИА Новости’нинг хабар қилишича, буни Оқ уйнинг маъмурий-бюджет бошқармаси директори Мик Малвейни журналистларга тасдиқлаган.

«Биз бир қатор хорижий ҳарбий дастурларни тўғридан-тўғри грантлардан кредитларга алмаштирмоқдамиз. Кимгадир 100 миллион доллар тақдим этиш ўрнига, биз уларга кредит кафолатларини беришимиз мумкин, ҳамда уларда ҳақиқатдан ҳам кўпроқ нарса сотиб олиш имконияти пайдо бўлади», - дея аниқлик киритди у.

Гап Вьетнам, Индонезия, Колумбия, Покистон, Филиппин ва Украина каби давлатлар ҳақида бормоқда.

Шу билан бирга, Малвейнининг таъкидлашича, дастур Исроил ва Миср учун сақлаб қолинган.

Аввалроқ, The Wall Street Journal газетаси қатор давлатларга, жумладан, Украинага ҳам беғараз ҳарбий кўмак кўрсатишни тўхтатиш, ҳамда уларни кредитларга алмаштириш режалари борлиги ҳақида хабар берганди.

Журналистлар қўлига келиб тушган Давлат департаментининг ички ҳужжатида айтилишича, Украинадан ташқари, ёрдамдан Покистон, Тунис, Ливан, Колумбия, Филиппин ва Вьетнам ҳам маҳрум бўлиши мумкин. Таъкидланишича, беғараз ёрдамни кредитлар билан алмаштириш Россия ва Хитой каби давлатлардан қўллаб-қувватлов олишга бўлган интилишни кучайтиради.

 

Кўпроқ янгиликлар